Фуқаро фойдасига ҳал этилди
Сардоба туманида уй-жой билан боғлиқ мулкий низо фуқаро Г.Х. фойдасига ҳал этилди. Адлия бўлими кўмагида судга киритилган даъво натижасида 2025 йил 2 майда расмийлаштирилган олди-сотди битими ҳақиқий эмас деб топилди.
Фуқаро Г.Х. ушбу масалада амалий ёрдам сўраб, Сардоба туман адлия бўлимига мурожаат қилди. Мурожаат юзасидан ўтказилган ўрганишда Сардоба тумани «Дўстлик» маҳалласидаги уй-жой 2025 йил май ойида Б.Х. томонидан А.С.га сотилгани аниқланди.
Ўрганиш жараёнида мазкур уй-жойга бўлган ҳуқуқ юзасидан аввал ҳам суд низоси бўлгани маълум бўлди. Дастлабки суд ҳужжатлари Олий суднинг 2026 йил 16 февралдаги тегишли қарори билан бекор қилинган, Б.Холмуродованинг талаби эса қаноатлантирилмаган.
Шундан сўнг адлия бўлими фуқаро Г.Х. манфаатларини кўзлаб, Фуқаролик ишлари бўйича Оқолтин туманлараро судига даъво аризаси киритди.
Суд ишни кўриб чиқиб, даъвони қаноатлантирди. Натижада фуқаронинг уй-жой билан боғлиқ мулкий ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири