Ишлаб чиқариш ускуналари маркази очилди
Сирдарё вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик бизнесни ривожлантириш ва хонадонбай ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган янги лойиҳа амалга оширилди. «Агробанк» АТБ ташаббуси билан Гулистон шаҳрининг Баҳор маҳалласи ҳудудида замонавий ишлаб чиқариш ускуналари маркази очилди.
Мазкур ташаббус давлат раҳбари раислигида 2026 йил 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда давлат банклари олдига қўйилган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилди.
Белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида «Агробанк» АТБ масъуллари ҳудудларга чиқиб, маҳаллалардаги аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммолари, таклиф ва эҳтиёжларини ўрганди. Ўрганишлар давомида ўз бизнесини бошлаш ёки мавжуд фаолиятини кенгайтириш истагидаги фуқаролар учун зарур ишлаб чиқариш ускуналарини топиш, харид қилиш, молиялаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича амалий ёрдамга эҳтиёж борлиги аниқланди. Янги марказ ана шу эҳтиёжлардан келиб чиқиб ташкил этилди.
Марказнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги, «Агробанк» АТБ бошқаруви ва ҳудудий бўлими вакиллари, депутатлар, жамоатчилик кенгаши аъзолари, нуронийлар, тадбиркорлар ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққан Сирдарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи Фахриддин Қўшоқов ҳамда Хитойдан ишлаб чиқариш ускуналари ва саноат техникаларини етказиб бериш, лизинг хизматларини кўрсатиш билан шуғулланувчи «China Leasing Impex» корхонаси раҳбари Беҳзод Исмоилов марказнинг аҳоли ва тадбиркорлар учун яратадиган имкониятлари ҳақида сўз юритди.
[gallery-32298]
Таъкидланганидек, энди тадбиркорлик бошлаш ёки ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги фуқаролар зарур ускуналарни излаб, турли жойларга бориб, ортиқча вақт ва маблағ сарфлашларига ҳожат қолмайди. Улар марказга келиб, ўз қизиқиши ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда турли йўналишлардаги ускуналарни бевосита кўриши, уларнинг ишлаш жараёни билан танишиши ва ўзига мосини танлаши мумкин. Марказда мавжуд бўлмаган техникаларни эса хорижий ишлаб чиқарувчилардан буюртма қилиш имконияти ҳам яратилган.
Яна бир қулайлик шундаки, фуқаролар танлаган ускуналарини харид қилиш учун зарур молиявий масалаларни ҳам шу ернинг ўзида ҳал этиши мумкин. Хусусан, «Агробанк» кредити бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш, мутахассислардан маслаҳат ва амалий кўмак олиш имконияти мавжуд. Бу тадбиркорликни бошлаш жараёнини анча соддалаштириб, ортиқча оворагарчилик ва сарф-харажатларнинг олдини олади.
Марказда қадоқлаш, озиқ-овқат ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, совитиш, пластмасса буюмлар тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги, металл ва шишага ишлов бериш, лазер технологиялари ҳамда полиграфия йўналишларига мўлжалланган замонавий ускуналар намойиш этилган. Очилиш маросимида иштирокчилар ушбу техникаларнинг имкониятлари, ишлаш тартиби ва қўлланилиш соҳалари билан яқиндан танишди.
Марказдаги ускуналарнинг нархи уларнинг тури, қуввати ва имкониятларига қараб 2 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача бўлиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, қимматроқ ва махсус ишлаб чиқариш линияларини Хитой ҳамда Туркиядаги ишлаб чиқарувчилардан буюртма асосида етказиб бериш имконияти ҳам мавжуд.
Марказнинг муҳим афзаллиги шундаки, бу ерда фуқароларга фақат ускуна таклиф этиш билан чекланилмайди. Танланган фаолият йўналиши бўйича «Лойиҳалар фабрикаси» билан ҳамкорликда бизнес-режа ишлаб чиқилади. Тадбиркорлик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур молиявий манбалар белгиланиб, «Агробанк» кредити орқали молиялаштириш имконияти яратилади. Шу тариқа фуқаро ускуна танлашдан тортиб, уни харид қилиш учун кредит расмийлаштиришгача бўлган жараёнларни бир жойнинг ўзида амалга ошириши мумкин.
Кейинги босқичда танланган ускунани етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари ташкил этилади. Тадбиркорларга ундан самарали ва хавфсиз фойдаланиш ўргатилади. Шунингдек, кейинги техник хизмат кўрсатиш ва сервис масалаларида ҳам амалий ёрдам берилади. Демак, марказда бизнес ғояни амалга оширишдан тортиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйишгача бўлган жараёнлар ўзаро боғлиқ ҳолда ташкил этилади.
— Сирдарёда иш бошлаган замонавий ускуналар маркази, аввало, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган, аммо ишни нимадан бошлашни, қандай ускуна харид қилишни билмай турган аҳоли вакиллари учун катта имкониятдир. Айниқса, иш қидириб юрган, ўзини ўзи банд қилиш, оиласига қўшимча даромад келтириш ёки кичик ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истагидаги фуқаролар энди узоққа бориб, ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб овора бўлмайди. Улар шу ернинг ўзида ўз эҳтиёжига мос ускунани танлаши, мутахассислардан маслаҳат олиши, бизнес-режа ишлаб чиқиши ва кредит расмийлаштириши мумкин.
Мазкур марказ шунчаки ускуналар намойиш этиладиган жой эмас, балки инсонларнинг тадбиркорлик ғояларини амалий ишга айлантиришга кўмаклашадиган маскандир. Уни давлатимиз раҳбарининг аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва одамларнинг ўз меҳнати билан даромад топиши учун яратилаётган қулай имкониятлардан бири деб биламан. Зеро, инсоннинг тайёр иш ўрнини кутиб ўтирмасдан, ўз ишини бошлаши ва мустақил даромад топиши учун шароит яратилиши жуда муҳим, — деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Покиза Аҳмеджонова.
Ушбу ташаббус орқали кичик ишлаб чиқаришни йирик саноат майдонларидан маҳалла ва хонадонларгача олиб кириш, оилаларга ўз яшаш жойида маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятини кенгайтириш кўзда тутилган. Бу эса ўзини ўзи банд қилиш истагидаги фуқаролар, оилавий тадбиркорлар ва кичик ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи бўлганлар учун янги имкониятлар эшигини очади.
Шубҳасиз, замонавий ускуналар марказининг фаолияти Сирдарёда тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари ва барқарор даромад манбаларини яратишга кўмаклашади. Энг муҳими, энди яхши бизнес ғояга эга бўлган фуқаролар уни амалга ошириш учун зарур ускуналар, молиялаштириш, ўрнатиш ва техник хизматлардан бир манзилнинг ўзида фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат), ЎзА