26 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди
Сайхунобод туманида аҳоли мурожаатларини тинглаш, мавжуд муаммоларга тезкор ечим топиш ва фуқаролар билан очиқ мулоқотни таъминлашга қаратилган навбатдаги шахсий қабул ўтказилди.
Туман ҳокими Комилжон Муллажанов раҳбарлигида туман ҳокимлиги биносида ташкил этилган қабулда 40 нафардан ортиқ фуқаролар иштирок этишиб, ўзларини қийнаётган муаммолар, таклиф ва ташаббуслар билан мурожаат этишди.

Қабул давомида фуқароларнинг ҳар бир мурожаати алоҳида тингланиб, кўтарилган масалалар тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, мурожаатларнинг ортиқча сарсонгарчилик ва оворагарчиликларсиз, имкон қадар шу жойнинг ўзида ҳал этилишига эътибор қаратилди.

Қабулнинг эътиборга молик жиҳати шундаки, жами 26 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ёки муайян вақт талаб этадиган бошқа мурожаатлар юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Уларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши назоратга олинди.

Туман ҳокими мулоқот давомида ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила манфаати ва ҳаётий эҳтиёжлар турганини алоҳида таъкидлади. Масъулларга фуқароларни қуруқ ваъдалар билан овора қилмасдан, уларнинг муаммоларини чуқур ўрганиш, қонуний ечим топиш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири