Франк-Валтер Штайнмаер: Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар янада яқинлашаётганидан мамнунман
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Валтер Штайнмаер рафиқаси ҳамроҳлигида 17–18 июнь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон – Германия ҳамкорлигини янада ривожлантириш, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқалар ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Олий мартабали меҳмон 18 июнь куни мамлакатимизнинг ноёб дурдонаси, ўтмиш ва келажакни бир нуқтада уйғунлаштирган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Шу ерда Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер журналистларга ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Ислом цивилизацияси маркази. Эътибор беринг, бу дин эмас, балки цивилизация маркази. Чунки у илмий-маърифий муассаса сифатида Марказий Осиёнинг исломдан аввалги ва исломий давр тарихини ўрганишга бағишланган. Ҳақиқатан ҳам жуда таъсирчан мажмуа. Биз бу ерга мамлакат маданияти ва тарихини яқиндан ўрганиш мақсадида ҳам келдик.
Ташрифнинг биринчи кунида асосий эътибор Президент Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган сиёсий музокараларга қаратилди. Учрашувларда сиёсий ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Иқтисодий ҳамкорлик ҳақида гапирадиган бўлсак, Германия технологиялари бу ерда яхши танилган ва юқори баҳоланади. Немис компаниялари аллақачон Ўзбекистонда сезиларли из қолдирган. Бироқ бу билан қаноатланиб қолиш керак дегани эмас. Шу сабабли мамлакатингизга иқтисодий делегация билан келишни нафақат фойдали, балки зарур деб билдим.
“Volkswagen” Ўзбекистонда завод қуриш ва уни бошқариш ҳақида қарор қабул қилди. “Rhenus Group” йирик логистика марказини ташкил этмоқда, “Henkel” эса Ўзбекистонга инвестиция киритишга қарор қилди. Бу Германия бизнесининг Ўзбекистонга инвестиция киритишга бўлган қизиқиши сезиларли даражада ортганини кўрсатади. Бунинг сабаби Марказий Осиёнинг географик жойлашуви билан ҳам боғлиқ. Айнан шунинг учун мен бу минтақага йигирма йилдан ортиқ вақт давомида қизиқиб келаман ва мунтазам ташриф буюраман.
Германия нуқтаи назаридан қараганда, бу ҳудуд Шарқий Осиё билан Европани боғловчи кўприк вазифасини бажаради. Ўзбекистон эса Марказий Осиёда ушбу кўприк вазифасини ўз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида кўриб келаётган давлатлардан.
Ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш учун имкониятлар кенг. Яқинда миграция ва мобиллик бўйича янги битим имзоланди. У Ўзбекистонда тайёрланган малакали мутахассисларни Германияда иш билан таъминлаш жараёнини аввалгига нисбатан анча осонлаштиради.
Бугунги кунда малакали мутахассислар учун халқаро рақобат мавжуд. Германия ҳам бу рақобатни қабул қилиши керак, деб ҳисоблайман. Чунки бизнинг имкониятларимиз яхши. Ҳозир Ўзбекистонда 400 мингдан ортиқ киши немис тилини ўрганмоқда. Немис тили ва Германияга бўлган қизиқиш эса тобора ортиб бормоқда.
Бу ташриф нафақат сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки икки мамлакат халқлари ўртасидаги алоқаларни янада яқинлаштиришга ҳам хизмат қилади
Ўзбекистон ва Германия, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар янада яқинлашаётганидан миннатдорман.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
Сарвар ЎРМОНОВ (сурат),
ЎзА мухбирлари