Экологик барқарор урбанизация кўламини кенгайтириш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Парламент комиссияси ҳамраиси, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда Барқарор ривожланиш соҳасидаги 11-миллий мақсаднинг 3-вазифаси доирасида экологик барқарор урбанизация кўламини кенгайтириш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда аҳоли яшаш шароитларини янада яхшилаш, қулай инфратузилма яратиш давлат сиёсатида муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди. Хусусан, урбанизация жараёнларини самарали бошқариш, уй-жой соҳасини изчил ривожлантириш ва шаҳарсозлик самарадорлигини ошириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Аҳолини муносиб ва арзон уй-жой билан таъминлаш мақсадида қурилиш соҳасида тадбиркорлик субъектлари учун қатор енгилликлар, имтиёзлар ва преференциялар жорий этилди. Натижада қурилишга рухсат бериш босқичлари уч баробар, муддатлари эса тўрт баробар қисқартирилди. Шунингдек, 420 шаҳарсозлик норма ва қоидалари қайта кўриб чиқилиб, улар асосида 140 янги шаҳарсозлик норматив ҳужжати тасдиқланган.
Яратилган қулай шарт-шароитлар туфайли сўнгги тўққиз йилда қарийб 10 мингта янги қурилиш корхоналари фаолият бошлади. Йиллик уй-жой қурилиши ҳажми эса 10 бараварга ошиб, 2025 йилда 238 мингта хонадонга етди. Шунингдек, республика бўйлаб “Янги Ўзбекистон” массивлари лойиҳаси доирасида 61 янги турар жой массиви барпо этилди.

Айни пайтда тадбиркорлик субъектлари учун ҳар йили 6,5 минг гектар ер майдони ва 600 минг квадрат метр бино-иншоотлар савдога чиқарилмоқда. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида 140 триллион сўм миқдорида ресурслар ажратилди. Бунинг натижасида қурилиш, қурилиш материаллари саноати ва унга турдош тармоқларда 3,5 миллион фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Олиб борилган ислоҳотлар натижасида мамлакатнинг урбанизация даражаси 51 фоизга етди.
Мажлис давомида экологик барқарор урбанизация кўламини кенгайтириш юзасидан Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида амалга оширилган ишлар ҳамда ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги беш йилда доимий аҳоли сони Наманган вилоятида 11,4 фоизга, Андижон вилоятида 10,5 фоизга ва Фарғона вилоятида 8,4 фоизга ошган.
Кейинги тўрт йилда ушбу вилоятларда уй-жой қурилиши ҳажми қарийб 2,5 баробарга ошди. Шу давр мобайнида бюджет маблағлари ҳисобидан 26 минг фуқарога 4,21 триллион сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилди.
Ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида мазкур уч вилоятда умумий қиймати 123,9 триллион сўм бўлган 9,16 мингта саноат лойиҳаси амалга оширилиб, 237,6 мингта янги иш ўрни яратилди.
Аҳолини экологик тоза ва барқарор энергия манбалари билан таъминлаш мақсадида Андижон вилоятида 144 МВт, Наманган вилоятида 133,6 МВт ва Фарғона вилоятида 27,4 МВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди.
Яшил ҳудудлар кўламини кенгайтириш мақсадида “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида 2024 - 2025 йилларда Фарғона вилоятида 36, Наманган вилоятида 24 ва Андижон вилоятида 23 “яшил боғ” ҳамда “яшил жамоат парки” ташкил этилди.
Натижада урбанизация даражаси Наманган вилоятида 64,9 фоизга, Фарғона вилоятида 56,7 фоизга ва Андижон вилоятида 52,2 фоизга етди.
Муҳокама давомида сақланиб қолаётган айрим тизимли муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, шаҳарсозлик ҳужжатларини тўлиқ ишлаб чиқиш, аҳоли учун хавфсиз ва инклюзив шаҳар муҳитини шакллантириш, пиёдалар ва велосипедчилар инфратузилмасини ривожлантириш, йўл ҳаракатини ташкил этишда замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш, шунингдек, саноат тараққиёти ва экологик барқарорлик ўртасидаги мувозанатни таъминлаш долзарб вазифалар сифатида белгиланди.
Мажлис якунида Парламент комиссиясининг тегишли қарори ҳамда чора-тадбирлар режаси (“йўл харитаси”) қабул қилинди.
Мутасадди вазирлик ва идоралар зиммасига белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юклатилди.
Н.Абдураимова, ЎзА