Фотоқопқон нигоҳидаги ҳаёт
Фотоқопқон одам кўзи илғамайдиган ҳаётни кўради. Бу гал унинг нигоҳига Зомин тоғлари бағрида ҳеч кимга намойиш қилмайдиган бир олам — она айиқ ва унинг икки боласи илинди. Табиатнинг энг гўзал саҳналари шовқин ичида эмас, айнан мана шундай жимжитлик бағрида туғилади.
Тоғлар ҳам гоҳида сукутга чўкади. Шундай пайтда ҳатто шамол ҳам дарахт шохларини аста силаб ўтади. Қушлар овозини пасайтиради. Гўё бутун борлиқ кимнидир кутгандек туюлади. Ана шу сукут бағридан у чиқиб келади. Олдин она айиқ... Ортидан эса ҳали дунёнинг хавфу хатарини тўлиқ англаб улгурмаган икки жажжи боласи.

Улар ҳеч қаерга шошилмайди. Она айиқнинг ҳар бир қадамида эҳтиёткорлик, ҳар бир нигоҳида эса оналик ҳушёрлиги мужассам. Болалари эса унинг ортидан худди соясидек эргашади. Улар учун бутун олам ҳозирча онасининг изларидан бошланиб, яна ўша ерда тугайди. Мана шу лаҳзани инсон кўзи эмас, фотоқопқон нигоҳи тутиб қолди.

Жиззах вилоятидаги Зомин давлат қўриқхонасида ўрнатилган ушбу фотоқопқон яна бир ноёб табиат сирини очди. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти тасарруфидаги қўриқхонада Тян-Шан қўнғир айиғининг болалари билан эркин ҳаракатланаётгани тасвирга муҳрланди.
Бу оддий кадр эмас. Бу — тоғлар ҳали ўз соҳибларини унутмаганининг исботи.
Тян-Шан қўнғир айиғи тоғларнинг энг салобатли жонзодларидан бири. Бўй-басти икки метрдан ошиб кетади, вазни 200 килограммгача етади. Уни биринчи марта кўрган одам унинг кучига маҳлиё бўлади. Аммо бу улкан жониворнинг кундалик дастурхонига назар ташласангиз, унинг табиат билан нақадар уйғун яшашини ҳис қиласиз. Илдизлар, тоғпиёзчалари, резаворлар, ёввойи мевалар... Айниқса, тоғ ёнбағирларида пишган ёввойи олмалар унинг севимли таоми.

Айиқ олмани ейди. Аммо табиат бундан ҳам ўз ҳиссасини олади. Мева уруғлари унинг йўллари бўйлаб яна ерга қайтади. Бир неча йилдан кейин ўша ерда янги ниҳоллар бош кўтаради. Демак, айиқ фақат истеъмол қилмайди, тоғларнинг эртанги боғларини ҳам экиб юради.
Она айиқнинг меҳрини эса сўз билан таърифлаш қийин. Қишнинг энг совуқ кунларида ин бағрида дунёга келган митти болалар баҳор келиши билан биринчи марта қуёш нурини кўради. Илк қадам, илк ҳид, илк шаршара овози, илк шамол... Уларнинг ҳаммасини онаси ўргатади. Болалари учун эса у нафақат она. У — ҳаётнинг ўзи.

Шунинг учун ҳам хавф яқинлашганини сезса, айиқнинг бутун табиати ўзгаради. Ҳозиргина осойишта юрган жонзод бир зумда болалари йўлида жонини ҳам фидо қилишга тайёр жангчи онага айланади.
Фотоқопқон фақат суратга олди, холос. Аммо унинг объективида муҳрланган шу бир неча сониялик манзара одамга бир ҳақиқатни эслатади: табиатни асраш ҳақида энг таъсирчан гаплар минбарларда эмас, тоғлар қўйнида, она айиқ боласини эргаштириб юрган ана шундай сокин лаҳзаларда айтилади.

Бу суратдаги энг катта қаҳрамон айиқми ёки шу табиатни асраб қолган инсонми, сиз нима дейсиз, азиз ўқувчим?!.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири