ФОТОГАЛЕРЕЯ: Жиззах вилояти – тараққиёт ва бунёдкорлик йўлида
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги олдидан
«Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва
келажак яратамиз!»
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида Жиззах вилояти мамлакатимизда Янги Ўзбекистон ислоҳотлари энг жадал амалга оширилаётган ҳудудлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Кейинги йилларда вилоят иқтисодиёти таркибий жиҳатдан янгиланиб, аграр ҳудуддан саноат, хизмат кўрсатиш ва замонавий агрокластерлар ривожланган заминга айланди. Тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, электротехника, озиқ-овқат саноати ва туризм соҳалари янги иқтисодий ўсиш нуқталарига айланди. Бунинг натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми, экспорт кўрсаткичлари ва инвестициялар изчил ошиб, янги иш ўринлари яратилмоқда.
Қишлоқ хўжалигида ҳам кенг қамровли янгиланишлар амалга оширилди. Замонавий агрокластерлар, интенсив боғлар, картошкачилик, чорвачилик ва уруғчилик йўналишлари ривожлантирилиб, сув тежовчи технологиялар ҳамда юқори ҳосилдор навлар жорий этилмоқда. Томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган дастурлар аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилмоқда.
[gallery-30900]
Жиззах вилоятида инвестиция муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бирига айланган. Сўнгги йилларда юзлаб саноат ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари ишга туширилиб, маҳаллий ҳамда хорижий сармоядорлар иштирокида янги корхоналар ташкил этилди. Бу эса экспорт салоҳиятини юксалтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Ижтимоий соҳада ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Янги мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, тиббиёт объектлари, спорт иншоотлари ва маданият масканлари барпо этилмоқда. Замонавий уй-жойлар қурилиши, ичимлик суви, электр, газ ва йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар аҳоли турмуш сифатини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Туризм соҳаси ҳам Жиззах иқтисодиётининг муҳим драйверларидан бирига айланди. Зомин миллий табиат боғи, Зомин ва Бахмал тоғли ҳудудлари, Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳамда Фориш туманининг бетакрор табиати асосида замонавий туристик мажмуалар, меҳмонхоналар ва сервис объектлари ташкил этилмоқда. Экотуризм, зиёрат туризми ва оилавий дам олиш йўналишлари кенгайиб, вилоятнинг туристик жозибадорлиги йил сайин ошиб бормоқда.
Бугунги кунда Жиззах вилоятида «Инсон қадри учун» тамойили асосида маҳаллаларни комплекс ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари яратиш, рақамли хизматларни кенгайтириш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу эзгу ишлар мустақиллик йилларида эришилган улкан ютуқларни янада мустаҳкамлаб, Жиззах вилоятининг иқтисодий қудрати, инвестициявий салоҳияти ва аҳоли фаровонлигини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат),ЎзА