Форум ғолиблари тақдирланди
Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 1-4 апрель кунлари маданият соҳасида илк бор «Ёшлик баҳори» иқтидорли ижодкор ёшлар форуми бўлиб ўтди. Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур форумда республиканинг турли ҳудудларидан 14 ёшдан 35 ёшгача бўлган 600 нафардан ортиқ истеъдодли ёшлар иштирок этди.
Тўрт кун давом этган форум доирасида ёш ижодкорлар учун қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган қўшиқлар танлови, «Хуш кайфият» ёш аския ва қизиқчилар кўрик-танлови, ёш опера ижрочилари фестивали, фольклор жамоалари фестивали, балет ижрочилари танлови, семинар-тренинглар, маҳорат дарслари, мотивацион учрашувлар ҳамда илмий-амалий анжуман ўтказилди. Шунингдек, иштирокчилар учун «Сумалак сайли» ва якуний гала-концерт ҳам ташкил этилди.
Форумнинг ёпилиш ва тақдирлаш маросими пойтахтдаги «Туркистон» саройида бўлиб ўтди. Унда маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов, соҳа вакиллари ҳамда форум иштирокчилари қатнашди.

Тадбир давомида турли йўналишлар бўйича танловларда ғолибликни қўлга киритган ёшлар тақдирланди. Хусусан, Амир Темурга бағишланган қўшиқлар танловида Жасурбек Ғайбуллаев биринчи ўринни эгаллади. «Ёш балет ижрочилари» танловида эса турли ёш тоифаларида бир қатор истеъдодли ёшлар ғолиб деб топилди.
«Ёшлик баҳори» ёш опера ижрочилари фестивали доирасида Ойноз Тўхтаева «Энг яхши ёш ижрочи» деб топилди, Сухроб Жумаев ва Бекзода Суёнова эса мос равишда «Энг яхши эркак» ва «Энг яхши аёл овози» номинацияларида ғолибликни қўлга киритди.

«Аския ва қизиқчилик» йўналишида Андижон вилояти Қўрғонтепа маҳорат мактаби жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлди. Фольклор жамоалари ўртасида эса Қорақалпоғистон Республикасининг «Суу серпер» жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Шунингдек, бошқа йўналишлар бўйича ҳам ўнлаб ёш ижодкорлар турли номинациялар билан тақдирланди.

Таъкидланишича, «Ёшлик баҳори» форуми ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш ҳамда маданият ва санъат соҳасида янги авлод вакилларини рағбатлантиришга хизмат қилади. Форум келгусида анъанавий тарзда ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Азиза Алимова, ЎзА