Форишда ёшлар ўртасида ҳарбий-спорт мусобақаси ўтказилди
Фориш дала полигонида Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ҳарбий-спорт мусобақаси ташкил этилди. «Мардлик – бурчимиз, ғалаба – мақсадимиз!» шиори остида ўтган беллашувда бошланғич тайёргарлик ўқув курслари тингловчилари жисмоний ва ҳарбий-амалий билимларини синовдан ўтказди.
Мусобақа майдонга чиққан ҳар бир иштирокчига ўз имкониятларини намоён этиш, иродасини чиниқтириш ва жамоа олдидаги масъулиятини ҳис қилиш имкониятини берди. Мусобақа ёшларнинг жисмоний салоҳиятини ошириш, ҳарбий-амалий билимларини мустаҳкамлаш ҳамда уларда Ватан ҳимоясига шайлик руҳини шакллантиришни мақсад қилган.
Иштирокчилар Низомда белгиланган шартлар бўйича бир нечта йўналишда куч синашди. Турникда тортилиш жисмоний куч ва бардошни намоён этиш учун ўзига хос синов бўлди. Арқон тортиш баҳсида эса бутун жамоанинг бир мақсад йўлида бирлашиш қобилияти ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Ёнғин ўчириш жанговар кийимини кийиш, ҳарбий эстафета ва жанговар ёйилиш шартлари ҳам беллашув дастуридан ўрин олди. Айниқса, махсус кийимларни тезкорлик билан кийиш жараёни иштирокчилардан чаққонлик, аниқлик ва ҳаракатлар уйғунлигини талаб қилди. Эстафетада эса ҳар бир сония, ҳар бир ҳаракат ва жамоадошлар билан ҳамжиҳатлик натижага таъсир кўрсатди.
Майдондаги рақобат қизғин кечди. Жамоалар белгиланган вазифаларни бажаришда ўзларининг тайёргарлиги, интизоми ва ўзаро мувофиқ ҳаракатланиш маҳоратини кўрсатишга интилди. Ҳар бир шарт иштирокчилардан нафақат жисмоний имконият, балки вазиятни тез баҳолаш ва тўғри қарор қабул қилишни ҳам талаб этди.
[gallery-32376]
Аслида, фавқулодда вазиятлар ходими фаолиятида бундай сифатлар алоҳида ўрин тутади. Чунки хизмат жараёнида кутилмаган ҳолатларга дуч келиш, қисқа вақт ичида масъулиятли қарор қабул қилиш ва белгиланган вазифани аниқ бажариш зарурати туғилади. Бунинг учун эса назарий билимнинг ўзи кифоя қилмайди. Доимий машқ, жисмоний чиниқиш ва амалий кўникмалар ҳам зарур.
Ҳарбий-спорт мусобақалари ёшларнинг касбий тайёргарлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, бундай тадбирлар уларда интизом, жасорат ва матонат каби фазилатларни шакллантиради. Бундай тадбирларда иштирок этиш ёшларни соғлом рақобат муҳитида ўзини синашга, камчиликларини англашга ва янги марралар сари интилишга ундайди.
Беллашувлар якунида белгиланган шартларни муваффақиятли бажариб, юқори натижаларга эришган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ғолибларнинг қувончи, жамоаларнинг фаоллиги ва иштирокчилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат мусобақанинг мазмун-моҳиятини янада бойитди.
Абдужалол Қаюмов, Жамшид Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари