“Fitch Ratings” “Ўзбекгидроэнерго”нинг рейтингини юқори баҳолади
Бу ҳақда жамият ахборот хизмати маълум қилди. Унга кўра, “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг узоқ муддатли кредит рейтингини “BB” даражасида тасдиқлаган ва рейтинг прогнозини “барқарор”дан “ижобий”га ўзгартирган.
Агентлик ушбу қарорни асосан Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинги бўйича ижобий ўзгаришлар билан боғлаган. Бу мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, иқтисодиётни барқарорлаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда давлат корхоналарини ислоҳ қилиш бўйича ишлар халқаро баҳолашларда ижобий акс этаётганини кўрсатади.
“Fitch Ratings” давлатга алоқадор корхоналар рейтингини баҳолашда фақат суверен рейтингни эмас, балки корхонанинг молиявий барқарорлиги, бошқарув сифати, операцион самарадорлиги ва давлат билан институционал боғлиқлигини ҳам инобатга олади.
“Ўзбекгидроэнерго” баҳолашида унинг энергетика тизимидаги стратегик ўрни, гидроэнергетика соҳасидаги вазифалари, барқарор ишлаб чиқариш жараёнлари ва эҳтиёткор молиявий сиёсати ижобий омиллар сифатида қайд этилган.
Сўнгги йилларда корхона томонидан янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ҳамда фаолият самарадорлигини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, энергия таъминотини барқарорлаштириш ва инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ҳам изчил давом этмоқда.
Таъкидлаш керакки, “Fitch Ratings” рейтингида прогнознинг “ижобий”га ўзгариши “Ўзбекгидроэнерго”нинг халқаро инвесторлар ва ҳамкорлар олдидаги ишончини янада мустаҳкамлайди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА