Профилактик ишлар изчил давом эттирилмоқда
Ёзнинг иссиқ кунларида сув ҳавзалари аҳоли учун севимли ҳордиқ манзилига айланади. Бироқ дам олиш завқи хавфсизлик қоидаларига риоя этилмаган тақдирда оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис мамлакатимизда сув объектларида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли ўртасида хавфсизлик маданиятини юксалтиришга қаратилган профилактик ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Жиззах вилоятида ҳам мазкур йўналишдаги амалий чора-тадбирлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Ана шундай тадбирлар доирасида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Абдунаби Мустафоев томонидан Жиззах Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази қошидаги очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзаларида ўрганиш ҳамда профилактик тарғибот ишлари ташкил этилди.

Тадбир давомида сузиш ҳавзаларининг техник ва санитария ҳолати атрофлича таҳлил қилинди. Хусусан, қутқарув воситаларининг мавжудлиги ва созлиги, хавфсизлик белгиларининг тўғри жойлаштирилгани, навбатчилик хизматларининг ташкил этилиши ҳамда фавқулодда вазиятларга тайёргарлик даражаси ўрганилди.
Масъуллар томонидан сув ҳавзаларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига сўзсиз амал қилиш, фавқулодда ҳолатларда тезкор ва тўғри ҳаракат қилиш тартиби, шунингдек, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича мураббийлар ва ходимларга зарур тушунтиришлар берилди.


Мутахассислар таъкидлаганидек, сув ҳавзаларида хавфсизликни таъминлаш фақат масъул ташкилотлар эмас, балки ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулиятига ҳам боғлиқ. Зеро, ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик кўплаб кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири