Фискал сиёсат ва давлат молиясини бошқариш тизими такомиллаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Халқаро валюта жамғармасининг Фискал ишлар департаменти Давлат молия бошқаруви бўлими катта иқтисодчиси Аманда Сайег билан музокара ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва ХВЖ ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, фискал сиёсат ва давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар муҳокама қилинди. Шунингдек, ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар, устувор вазифалар ва келгусидаги мақсадлар юзасидан фикр алмашилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, музокараларда давлат молияси барқарорлигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган фискал хатарларни ўз вақтида аниқлаш ва баҳолаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, хатарларни мунтазам мониторинг қилиш, уларнинг эҳтимолий оқибатларини ҳисобга олиш ва бошқарув механизмларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, бюджет даромадлари ва харажатларини режалаштириш, прогноз кўрсаткичларини шакллантириш ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди. Бу борада молиявий режалаштириш сифатини ошириш ва бюджет ресурсларини бошқариш самарадорлигини кучайтириш бўйича ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар амалий алоқаларни изчил давом эттириш, фискал бошқарув ва давлат молияси соҳасида тажриба алмашишга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА