Фирибгарлик ёки талон-торож учун судланганлар жамоат фонди очолмайди
Қонун лойиҳаси муҳокамада
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳасига кўра, давлат органлари мансабдор шахслари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Айни пайтда муҳокамага қўйилган, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга ҳамда Солиқ кодексига ННТларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратининг таъсирчанлиги ва самарадорлигини оширишга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ҳужжат нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва маъмурий жарималарни қайта кўриб чиқиш бўйича бир қатор ўзгаришларни назарда тутади.
“Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунининг 17-моддасида жамоатчилик назоратининг натижаларига кўра тайёрланган якуний ҳужжатда баён этилган ахборот, тавсия ва таклифлар давлат органлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилиши ҳамда улар юзасидан қонуний қарорлар қабул қилиниши белгиланган бўлсада, якуний ҳужжатни кўриб чиқмаганлик учун жавобгарликка тортишнинг аниқ механизми ўрнатилмаган эди. Кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси билан жамоатчилик назоратининг натижалари бўйича тайёрланган якуний ҳужжатни давлат органи томонидан кўриб чиқиш мажбурияти ҳамда мазкур қонунчилик талабини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш кўзда тутилган. Бу эса ННТнинг ўз пировард мақсадларини амалга ошириш йўлида янада эркин ҳаракат қилишлари ва фаолиятлари давомида учраши мумкин бўлган айрим административ тўсиқларнинг бартараф этилишига хизмат қилади.
Бундан кейин фирибгарлик ёки талон-торож учун судланганлар жамоат фондини очолмайди. Шу билан бирга ҳар бир грант ва лойиҳа ҳақида жамоатчиликка маълумот бериб борилади.
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда фаолият юритаётган ННТлар ва фуқаролик жамияти институтларини қийнаётган муаммолар, қолаверса, улар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини бугунги кун талаблари доирасида айни пайтида қабул қилинаётган қонунчилик ташаббуси десак бўлади.
Шунингдек, нодавлат ташкилотлар (диний ташкилотлар бундан мустасно), уларнинг ваколатхона ва филиаллари давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритиши, рўйхатдан ўтмаган рамзий белгилардан фойдаланиш, тадбирлар ўтказиш ҳақида хабардор қилмаслик ёки қонунчиликда тақиқланган тадбирлар ўтказиш, пул маблағлари ва мол-мулкдан фойдаланиш тўғрисидаги ахборотни эълон қилмаслик учун амалдаги маъмурий жарима миқдорлари ўртача тўртдан бир қисмига камайтирилиши белгиланган.
Қонун лойиҳасида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуннинг бир қатор моддалари хорижий манбалардан олинган пул маблағлари ва мол-мулкни ҳам ташкилотнинг молиявий манбасини шакллантириш омили сифатида киритиш ҳамда ундан фойдаланиш тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш, давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асосларини мустаҳкамлаш каби янги қоидалар билан тўлдирилмоқда.
Мазкур ўзгаришлар ННТнинг жойлардаги ва маҳаллалардаги жамоатчилик назорати тадбирларининг якунлари бўйича таъсирчан натижаларга эришишларини ҳамда фаолиятида иш самарадорлигининг ошишини таъминлайди.
Таклиф этилаётган ушбу меъёрлар нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташаббускорлиги ва фаоллигини таъминлаш – мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишга хизмат қилади.
Бугунги кунда Самарқанд вилоятида адлия бошқармасидан рўйхатдан ўтган ННТ ва уларнинг алоҳида бўлинмалари сони 818 тани ташкил қилади. Уларнинг 160 таси мустақил, бош идораси бўлмаган ННТлар ҳисобланади. Бу ташкилотларнинг 37 таси тадбиркорлик ва фермерлик йўналишида, 148 таси спорт йўналишида, 73 таси ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича, 51 таси ёшлар йўналишида, 74 таси ҳуқуқий-демократик институтларни ривожлантириш соҳасида, 53 таси маданият, тарих ва маърифат йўналишида фаолият юритмоқда. 2021-2024 йилларда вилоятдаги 85 та давлат ижтимоий лойиҳаларини амалга ошириш учун ННТлар 5 миллиард сўм миқдорида молиялаштирилди.
Элёр Улуғмуродов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш
маркази Самарқанд ҳудудий бўлими раҳбари.
ЎзА