Фахрланса арзийдиган ғалабага эришган Гулҳаё
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Баҳрайн Қироллигида бўлиб ўтаётган III Осиё ёшлар ўйинларида илк медални қўлга киритди.
Бу натижа Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида вояга етган велоспортчи Гулҳаё Сатторова шарофати билан амалга ошди.

75 километр масофага ўтказилган гуруҳ пойгасида у рақибларини ортда қолдириб, марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтди. Шу тариқа Гулҳаё Сатторова мамлакатимиз хазинасига илк олтин медални тақдим этди.
Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Велоспорт федерацияси ҳамда Сенат раиси Танзила Нарбоева спортчи қиз билан телефон орқали боғланиб, уни ғалаба билан табриклади. Албатта, бу эътибор ёшлар спортига, айниқса қизларимиз салоҳиятига бўлган ишонч ва эътирофнинг ёрқин намунаси бўлди.

Гулҳаёнинг мураббийлари таъкидлашича, у сўнгги йилларда Республика чемпионатлари ва халқаро мусобақаларда мунтазам юқори натижалар кўрсатиб келаётган, интизомли ва иродали спортчи ҳисобланади. Унинг ғалабаси нафақат Сирдарё спорти тарихида, балки Ўзбекистон аёллар спорти ривожида ҳам муҳим саҳифа бўлиб қолади.
Ғулом Примов, ЎзА