Шахмат: Афруза Ҳамдамова жаҳон чемпионати совриндори
Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида 20 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида поёнига етган жаҳон чемпионатининг блиц мусобақаларида Афруза Ҳамдамова муваффақиятга эришди.
Мусобақанинг рапид йўналишида “Open” гуруҳида Ҳумоюн Бекмуратов чемпионликка эришган бўлса, аёллар гуруҳида Умида Омонова кумуш медалга сазовор бўлганди.
Кеча жаҳон чемпионатининг 13 та турдан иборат блиц баҳсларида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.

Аёллар ўртасидаги блиц мусобақалари якунига кўра, маҳоратли шахматчи қизимиз Афруза Ҳамдамова 9,5 очко билан кумуш медалга эгалик қилди. Ғолиблик 10 очко тўплаган россиялик Валения Клейменовага насиб этди. Ҳамюртларимиздан Умида Омонова 8,5 очко билан 6, Нилуфархон Имомқўзиева 7 очко жамғарган ҳолда кучли йигирматаликдан жой эгаллади.

Блиц баҳсларининг “Open” гуруҳида Ҳумоюн Бекмуратов ва Муҳаммадзоҳид Суяров 9 очко билан 9-10-ўринлардан, Музаффаржон Абдурасулов 7 очко билан 38, Усмонхон Тоҳиржонов 6,5 очко билан 100 нафар қатнашчи орасида 44-поғонадан жой олди. Совринли ўринлар ҳиндистонлик Пранав(10 очко), қозоғистонлик Элдияр Оразбаев(9.5 очко) ва арманистонлик Роберт Пилипиосян(9,5 очко) тегишли бўлди.
Т. Рўзиев, ЎзА