Фавқулодда вазиятлар хавфини камайтиришнинг инновацион ёндашувлари кўриб чиқилди
Бугунги кунда зилзила, ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятлар хавфи ортиб бораётган шароитда бино ва иншоотларнинг мустаҳкамлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бунда зилзилабардош, ёнғинга чидамли ва экологик хавфсиз қурилиш материалларини яратиш, уларни синовдан ўтказиш ва амалиётга жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида бўлиб ўтган “Зилзилабардош, ёнғинга чидамли ва экологик хавфсиз қурилиш материаллари: фавқулодда вазиятлар хавфини камайтиришнинг инновацион ёндашувлари” мавзусидаги Республика илмий-амалий анжуманида мазкур масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
[gallery-32006]
Тадбирда қурилиш материалларининг хавфсизлик хусусиятларини яхшилаш, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш ва мутахассислар тайёрлашда илм-фан ҳамда ишлаб чиқариш ҳамкорлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуманни академия бошлиғининг ўринбосари подполковник Аҳроржон Жафаров очиб, бино ва иншоотларнинг зилзилага бардошлилигини таъминлаш, конструкцияларнинг оловга бардошлилик чегарасини ошириш, қурилишда экологик хавфсиз хомашёдан фойдаланиш ва янги материалларнинг самарадорлигини баҳолаш масалалари устувор йўналиш сифатида кўтарилди. Айниқса, ҳудудларнинг сейсмик хусусиятларини ҳисобга олиш, ёнғин тарқалишини чеклайдиган конструктив ечимларни қўллаш ва қурилиш сифатини назорат қилиш зарурлигини таъкидлади.
Қайд этилганидек, фавқулодда вазиятларда талафотларни камайтириш фақат ҳодиса содир бўлгандан кейинги чоралар билангина чекланмайди. Бунинг учун лойиҳалаш босқичидан бошлаб хавфларни ҳисобга олиш, қурилиш материалларининг физик-механик ва ёнғин-техник кўрсаткичларини ўрганиш, замонавий лаборатория синовларини йўлга қўйиш ҳамда бино ва иншоотларнинг техник ҳолатини мунтазам баҳолаб бориш кераклиги айтиб ўтилди.
Илмий изланишлар натижаларини қурилиш амалиётига жорий этишда юқори малакали муҳандислар, лойиҳачилар ва фавқулодда вазиятлар соҳаси мутахассисларини тайёрлаш ҳам муҳимдир. Бу йўналишда олий таълим, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорлик янги технологияларни синаш, уларнинг хавфсизлик кўрсаткичларини асослаш ва амалий тавсиялар ишлаб чиқиш имконини бериши таъкидлаб ўтилди.
Хусусан, анжуманда сўзга чиққанлар томонидан сейсмик таъсирларга чидамли конструкциялар ва композит материаллар, оловга бардошли қопламалар ҳамда иссиқликдан ҳимояловчи маҳсулотлар, кам углеродли ва қайта ишланган хомашё асосидаги қурилиш материаллари, шунингдек, бино ва иншоотлар ҳолатини рақамли мониторинг қилишга оид илмий-амалий ёндашувлар муҳокама этилди. Муҳокамалар давомида қурилиш маҳсулотларини синовдан ўтказиш, уларнинг мустаҳкамлиги ва узоқ муддат хизмат қилишини баҳолаш, ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини аниқлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда чиқиндиларни камайтиришга қаратилган экологик технологияларни жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳими, тақдим этилган илмий ғоя ва таклифлар фақат назарий жиҳатдан эмас, балки амалий қўллаш имконияти нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқилди. Янги қурилиш материалларининг зилзила ва юқори ҳарорат таъсиридаги хусусиятларини комплекс баҳолаш, хавфсизлик мезонларини такомиллаштириш ва илмий натижаларни лойиҳалаш ҳамда қурилиш жараёнларига олиб кириш зарурлиги қайд этилди.
Анжуман доирасида илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, қурилиш хавфсизлигига оид илмий изланишларни ўзаро мувофиқлаштириш ҳамда тадқиқот натижаларини тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда синовдан ўтказиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Жумладан, олимлар ва мутахассислар томонидан зилзилабардош конструктив тизимлар, ёнғин таъсирида ўз хусусиятларини сақлаб қоладиган материаллар, маҳаллий хомашё асосидаги экологик маҳсулотлар ҳамда уларнинг техник-иқтисодий самарадорлигини баҳолаш бўйича истиқболли илмий-амалий таклифлар илгари сурилди. Бундай ҳамкорлик илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни ривожлантириш, лаборатория ҳамда тажриба-синов ишларини кенгайтириш, ишлаб чиқарувчилар билан илмий муассасалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, мутахассислар малакасини ошириш ва хавфсиз қурилиш маданиятини юксалтириш учун муҳим имкониятлар яратиши таъкидланди.
Анжуман якунида маърузалар юзасидан савол-жавоблар ва фикр алмашувлар ташкил этилиб, зилзилабардошлик, ёнғин хавфсизлиги ва экологик барқарорлик талабларини уйғунлаштириш, инновацион материалларнинг амалий қўлланишини кенгайтириш ҳамда келгусидаги илмий ҳамкорлик йўналишлари бўйича тегишли хулосалар шакллантирилди.
Анжуман якунида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Мазкур икки томонлама меморандум илмий-тадқиқот ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, сейсмик хавфсизликни таъминлаш, зилзилалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг эҳтимолий оқибатларини камайтиришга қаратилган қўшма илмий-амалий фаолиятни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.
Гулноза Бобоева,
Аслиддин Алижонов (сурат)
ЎзА