Болалар камоли, оилалар фаровонлиги
Фарзанд парвариши — катта масъулият. Айниқса, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган оилалар учун бу жараён кундалик эътибор ва вақтни талаб этади. Кундузги парвариш хизматлари эса бундай оилаларга кўмак бериш, болаларнинг ривожланиши учун зарур шароит яратиш ва ота-оналарнинг ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги Маданият маҳалласида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган кундузги парвариш маркази бу борадаги амалий ташаббуслардан биридир. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда хусусий шерик ҳамкорлигида фаолият юритаётган марказда айни пайтда ногиронлиги бўлган 12 нафар болага ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда.
Бу ерда тарбияланувчиларнинг ёши, саломатлиги ва индивидуал эҳтиёжларидан келиб чиқиб, парвариш, реабилитация ҳамда ривожлантирувчи машғулотлар ташкил этилган. Бундай ёндашув болаларнинг мавжуд қобилиятларини ривожлантириш, ижтимоий муҳитга мослашиш ва мустақил ҳаёт кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.

Марказ фаолиятининг аҳамияти болаларга кўрсатилаётган хизматлар билангина чекланмайди. У ота-оналар учун ҳам янги имкониятлар эшигини очмоқда. Жумладан, фарзандлари кундузги парвариш хизматига жалб этилган уч нафар ота-она тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган бўлса, яна беш нафари ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашган. Бу рақамлар кундузги парвариш хизматлари оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ота-оналарнинг меҳнат фаолиятига қайтиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун ҳам шароит яратаётганини кўрсатади.
— Болаларнинг саломатлиги ва ривожланишида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Энг муҳими, аввал, фарзандининг парвариши сабабли меҳнат қилиш имкониятига эга бўлмаган ота-оналар бугун ўз касбига қайтиш ва мустақил даромад манбаига эга бўлиш имкониятини қўлга киритмоқда, — дейди кундузги парвариш хизмати тарбиячиси Сурайё Шодиева.

Тошкент вилоятида бундай хизматлар қамрови ҳам изчил кенгаймоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси маълумотларига кўра, бугунги кунга қадар шаҳар ва туманларда 21 та кундузги парвариш хизмати ташкил этилган. Ушбу марказлар орқали 318 нафар бола ижтимоий хизматлар билан қамраб олинган. Уларни парваришлаш учун давлат томонидан жами 3 миллиард 939 миллион 759 минг сўм субсидия маблағлари ажратилган.
Эътиборлиси, кундузги парвариш хизматлари болаларнинг ривожланиши ва ижтимоий ҳаётга мослашувига кўмаклашиш билан бирга, ота-оналарга ҳам ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини бермоқда. Бу эса инклюзив жамиятни шакллантириш ва ижтимоий ҳимоянинг манзиллилигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
А.Мусаев, ЎзА