Ўзбекистон “Leaders for Nature” саммитида биохилма-хилликни асрашга доир уч халқаро ташаббусни илгари сурди
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси делегацияси Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигида Арманистоннинг Ереван шаҳрида БМТнинг Биохилма-хиллик тўғрисидаги конвенцияси Томонларининг 17-конференцияси (CBD COP17) доирасида ўтказилган “Leaders for Nature” биохилма-хиллик масалалари бўйича етакчилар саммитида иштирок этди.
Саммит кун тартибидан Кунмин–Монреал глобал биохилма-хиллик доиравий дастурини амалга ошириш, COP17 доирасида унинг бажарилиши бўйича илк глобал таҳлилни тайёрлаш, миллий ҳисобот тизимини такомиллаштириш, молиявий ресурсларни сафарбар этиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ўрин олди.
Тадбир иштирокчилари экотизимларни тиклаш, ноёб турларни асраш, табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини молиялаштиришни кенгайтириш ҳамда биохилма-хиллик соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича амалий чораларни муҳокама қилди. Глобал доиравий дастурнинг асосий мақсадларидан бири 2030 йилга қадар қуруқлик, ички сув ҳавзалари, қирғоқбўйи ва денгиз ҳудудларининг камида 30 фоизини самарали муҳофаза қилиш ва бошқаришни таъминлашдан иборат.
Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотлар натижаларини тақдим этди. Хусусан, мамлакатдаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар улуши 2016 йилдаги 4 фоиздан қарийб 15 фоизга етказилди.
“Биомерос” дастури доирасида ушбу кўрсаткични 2030 йилга қадар 20 фоизга, 2035 йилга қадар эса 30 фоизга етказиш бўйича миллий мақсадлар белгиланган.
Шунингдек, давлат экологик назорати тизимини мустаҳкамлаш, Экополицияни ташкил этиш ва табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарималарни 40 фоизга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Биохилма-хиллик тўғрисидаги конвенция бўйича Етинчи миллий маърузанинг тайёрлангани ҳамда табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини молиялаштириш сезиларли даражада ошгани қайд этилди. Сўнгги тўрт йил ичида биохилма-хилликни асрашга йўналтирилган харажатлар уч баравардан ошиб, 1 миллиард АҚШ долларига етди.
Ўзбекистоннинг асосий устувор йўналишлари қаторида деградацияга учраган экотизимларни тиклаш, рақамли мониторинг технологияларини жорий этиш, ноёб ҳайвон ва ўсимлик турларини сақлаш, шунингдек, трансчегаравий табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш бўйича минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш белгиланган.
Минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро инвестициялар, илғор технологиялар ва илмий салоҳиятни жалб этиш мақсадида Ўзбекистон саммитда учта ташаббусни илгари сурди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА