Фармон мазмун-моҳияти ва божхона қулайликлари тушунтирилди
Андижон вилояти божхона бошқармаси томонидан вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари вакиллари учун божхона соҳасидаги қонунчилик янгиликлари, яратилаётган қулайлик, афзалликлар ҳамда ташқи савдо фаолиятига оид муҳим масалаларга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Андижон вилояти божхона бошқармаси мутасаддилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 августдаги “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмурчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг аҳамияти, мазмун-моҳияти ҳақида тадбиркорларга кенг тушунча берилди.
Мулоқот давомида мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар, божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, божхона расмийлаштируви жараёнларини янада соддалаштириш, замонавий ва рақамли ёндашувларни кенг жорий этиш, шунингдек, ташқи савдо операцияларида тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.


Шунингдек, учрашувда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликларни қисқартириш, экспорт-импорт жараёнларида қонунчилик талабларига риоя этиш ҳамда мавжуд ҳуқуқий механизмлардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Очиқ мулоқот ва савол-жавоб тарзида ўтган учрашувда тадбиркорлик субъектлари вакиллари ўзларини қизиқтирган савол ва масалалар бўйича божхона ходимларидан тегишли жавоблар, амалий тавсиялар олди.


Бу каби учрашувлар тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга, божхона соҳасидаги янгиликлардан ўз вақтида хабардор бўлиш ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятни қонуний ва самарали ташкил этишларига яқиндан ёрдам бермоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири