Фармацевтикада янги илмий ечимлар, сунъий интеллект ва халқаро ҳамкорлик
Бугун пойтахтимиздаги Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида «Замонавий фармацевтика соҳасининг ривожланишидаги долзарб масалалар ва тенденциялар» мавзусида III Халқаро илмий-амалий анжуман ўз ишини бошлади. Ушбу нуфузли халқаро тадбир мамлакатимиз ҳамда хорижий давлатларнинг етакчи олимлари, соҳа мутахассислари, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчиларни бир мулоқот майдонида жамлади.
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини түбдан ислоҳ қилиш, аҳолини хавфсиз, сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш, шунингдек, фармацевтика соҳасини илм-фан ютуқлари асосида тараққий эттириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг мантиқий давоми бўлган мазкур анжуман соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг илмий ечимларини муҳокама қилиш учун минбар вазифасини бажараётир.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси биринчи вице-президенти – бош илмий котиби Шомансур Сагдуллаев, Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти ректори, профессор Азиз Дусматов ва бошқалар фармация фани олдида турган глобал вазифалар, таълим ҳамда ишлаб чиқариш интеграциясини янада чуқурлаштириш зарурлигига алоҳида тўхталди.
Икки кунлик анжуманнинг пленар йиғилишида Покистон, Украина, Россия, Италия, Тожикистон ва бошқа қатор давлатларнинг нуфузли илмий-таълим муассасалари вакиллари маърузалари тингланмоқда. Собир Юнусов номидаги Ўсимлик моддалари кимёси институти директори Ш.Сагдуллаевнинг дитерпеноид алкалоидлар ва уларнинг ҳосилалари асосида янги антиаритмик дори воситаларини яратиш истиқболларига бағишланган чиқиши илмий доираларда катта қизиқиш уйғотди. Бу каби тадқиқотлар бой табиий бойликларимиздан фойдаланган ҳолда маҳаллий фармацевтика маҳсулотларини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-31934]
Шунингдек, Киев миллий технологиялар ва дизайн университети вакили С.Сур фармацевтика компаниялари учун кадрлар тайёрлашдаги мавжуд муаммолар ва иш берувчилар кутилмаларини таҳлил қилган бўлса, Покистоннинг IQRA университети декани Муҳаммад Хуррам ўқув дастурларига сунъий интеллектни жорий этиш масалаларига тўхталиб ўтди. Россиялик олим Ольга Елецкая замонавий фармацевтик таълимда педагогика ва илмий тадқиқотлар уйғунлигини ёритди. Италиялик тадқиқотчи Никола Сома биотиббий ва фармакологик изланишларда ультратовушли вокализациялардан фойдаланиш борасидаги янги усулларни тақдим этди.
Тожикистон тиббиёт-ижтимоий институти профессори Саидбек Сатторовнинг таъкидлашича, бу каби кенг кўламли халқаро анжуманларнинг илмий-амалий аҳамияти катта бўлиб, улар соҳа мутахассисларига ўз тажриба ва натижаларини ўртоқлашиш учун муносиб минбар яратади.
– Бундай платформалар мамлакатлар ўртасидаги ўзаро илмий алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, ёш мутахассисларнинг илм-фанга бўлган қизиқишини оширишда ҳам муҳим роль ўйнайди, – деди С.Сатторов. – Айниқса, бугунги кунда синтетик препаратларнинг кўплаб ножўя ва салбий таъсирлари кучайган бир даврда, доривор ўсимликлар асосидаги хавфсиз маҳсулотларга эътибор қаратиш, фармакогнозия ва фармакология йўналишларини ривожлантириш ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Чунки табиий дори воситалари заҳарлилик ва канцероген хусусиятлардан холи бўлиб, аҳоли саломатлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга.
Пленар дастурида институт асосчиси, профессор Аҳмадхўжа Юнусхўжаевнинг «Ибн Сино илмий меросининг замонавий фармация шаклланишидаги ўрни» мавзусидаги маърузаси ҳам қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Анжуман ўз ишини олтита шўъба йўналишида давом эттирди. Фармацевтик таълим йўналишида рақамли трансформация, замонавий фармацевт учун зарур компетенциялар ҳамда таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси муҳокама қилиниб, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия олий таълим муассасалари вакилларининг қиёсий тажрибалари тингланди.
Биологик фаол бирикмалар синтези ҳамда стандартлаштириш шўъбасида антимикроб хусусиятларга эга хитозан нанотолалари, ўсимлик моддаларини таҳлил қилиш ва янги бирикмаларнинг биологик фаоллигини баҳолаш масалалари Украина ва Қозоғистон тадқиқотчилари иштирокида кўриб чиқилди.
Фармацевтик технология ва саноат ишлаб чиқариши йўналишида функционал коллаген биоматериаллари, экологик хавфсиз субстанциялар, GMP талаблари ва полимер нанозаррачалардан фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди. Фармакология ва клиник фармакотерапия йўналишида шахсийлаштирилган тиббиёт, оқилона фармакотерапия, бактериофаглардан фойдаланиш ҳамда Қозоғистон олимларининг сунъий интеллект ёрдамида дори дозаларини индивидуаллаштиришга оид тадқиқотлари муҳокама қилинди. Доривор ўсимликларни фармакогностик ва фитокимёвий ўрганиш шўъбасида хомашёнинг биологик фаол бирикмалари, замонавий таҳлил усуллари ва экстрактларни стандартлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди. Ташкилий-иқтисодий ва маркетинг йўналишида эса дори воситалари таъминоти, ресурслардан самарали фойдаланиш ва фармакоиқтисодий жиҳатлар таҳлил қилинди.
Якунда шўъбалар ҳисоботлари умумлаштирилиб, соҳани янада ривожлантириш юзасидан тегишли резолюция қабул қилиниши режалаштирилган.
Анжуман иши эртага ҳам давом этади.
Моҳигул Қосимова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА