Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ишлари самарадорлиги таҳлил қилинди
Жамиятда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада илгари сурилаётган ташаббуслар, энг аввало, ҳар бир оилага манзилли ёндашиш, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг амалий ечимини таъминлашни тақозо этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилнозахон Каттахонова Бухоро шаҳридаги Оила ва хотин-қизлар маскани фаолияти билан танишар экан, айнан шу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар, яратилган шароитлар ҳамда келгусидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратди.
Ташриф давомида масканда ёш оилаларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, уларда оилавий муносабатлар маданиятини шакллантиришга қаратилган ўқув машғулотлари атрофлича ўрганилди. Айниқса, оилавий ажримларнинг олдини олиш, низоли ва ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар билан манзилли ишлаш, муаммоларнинг илдизини аниқлаб, уларга таъсирчан ечим топиш масалалари муҳокама қилинди.
Зеро, оилани асраб қолиш фақат низо юзага келгандан кейин чора кўриш билан чекланмаслиги, балки унинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга пухта тайёрлаш ва оилада соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришдан бошланиши зарур.
Шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, улар иштирокида ташкил этилаётган тадбир ва танловларнинг мазмун-моҳияти, ҳамкор ташкилотлар билан йўлга қўйилган алоқалар самарадорлиги ҳам кўриб чиқилди. Миграциядан қайтган аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш борасидаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур йўналишдаги фаолиятнинг аҳамияти шундаки, хотин-қизларга фақат моддий ёрдам кўрсатиш эмас, балки уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш, даромад манбаига эга бўлиши ва мустақил ҳаёт кечириши учун зарур имкониятларни яратиш муҳимдир.
Ўрганиш жараёнида маскан фаолиятида эришилган натижалар билан бир қаторда, йўл қўйилаётган камчиликлар ва ечимини кутаётган масалалар ҳам кўрсатиб ўтилди. Масъулларга аниқланган муаммоларни бартараф этиш, иш самарадорлигини ошириш, хотин-қизлар ва оилалар билан ишлашда манзиллилик ҳамда натижадорликни кучайтириш юзасидан тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олиниб, маскан фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилди.
Эътиборлиси, бугун хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар самараси фақат ўтказилган тадбирлар ёки кўрсатилган ёрдам билан эмас, балки ҳаётида ижобий ўзгариш юз берган аёллар, мустаҳкамланган оилалар ва иш билан таъминланган хотин-қизлар мисолида баҳоланиши лозим. Бухоро шаҳридаги маскан фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган мазкур ўрганиш ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири