Фармацевтика тармоғининг инвестиция салоҳияти муҳокама қилинди
Жаҳон банки гуруҳи томонидан Ўзбекистон хусусий секторини ривожлантириш бўйича Country Private Sector Diagnostic (CPSD) тадқиқоти тақдимотига бағишланган тадбирда Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов иштирок этди.
Тадбирда хусусий инвестицияларни кенгайтириш, рақобатбардошликни ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама марказида бўлди. CPSD тадқиқоти доирасида инвестиция салоҳияти юқори бўлган фармацевтика, туризм ва логистика йўналишлари алоҳида таҳлил қилинди.
Фармацевтика йўналишидаги панель муҳокамасида Абдулла Азизов соҳадаги инвестиция имкониятлари, хусусий сектор учун яратилаётган шароитлар ҳамда келгуси даврдаги устувор вазифалар ҳақида фикр билдирди.
Шунингдек, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, биоэквивалентлик тадқиқотлари салоҳиятини ошириш ва GMP талабларига мувофиқликни таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Тадбир доирасида фармацевтика тармоғига янги инвестицияларни жалб этиш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.
М.Қосимова, ЎзА