Фармацевтика: инсон саломатлиги, истеъмолчи ишончи ва қонун устуворлиги
Дори воситаси оддий истеъмол маҳсулоти эмас. У инсон саломатлиги, баъзан эса ҳаёти билан бевосита боғлиқ. Шу боис мазкур бозорда нархларнинг асоссиз оширилиши нафақат иқтисодий қонунбузарлик, балки ижтимоий масъулиятнинг бузилиши сифатида ҳам баҳоланади.
Шундай экан, бу борада қандай ишлар амалга ошириляпти? Фармацевтика соҳасида нархларнинг шаффофлигини таъминлаш, аҳолига дори воситаларининг иқтисодий жиҳатдан мақбул нархларда етиб боришини кафолатлаш бўйича қандай амалий чоралар кўрилмоқда? Бу ҳақда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш ва фарминспекция бошқармаси бошлиғи Дониёрбек Мансурбеков батафсил қуйидагиларни маълум қилди:

– Президентимиз томонидан фармацевтика соҳасида нархларнинг шаффофлигини таъминлаш, аҳолига дори воситаларининг иқтисодий жиҳатдан мақбул нархларда етиб боришини кафолатлаш бўйича қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири — дори воситаларига белгиланган чекланган савдо устамаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш.
Бугунги кунда давлат органлари ўртасидаги рақамли интеграция фармацевтика бозоридаги қонунбузарликларни тезкор аниқлаш имконини яратмоқда.
Хусусан, Солиқ органлари томонидан аниқланган дори воситаларига белгиланган савдо устамаларининг ошириб қўлланилиши ҳолатлари автоматик тарзда Рақобат қўмитасининг "Fair Tech" ягона ахборот тизимига юборилади. Ушбу механизм инсон омилини камайтириш, назоратнинг шаффофлигини ошириш ҳамда барча хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан ягона ёндашувни таъминлашга хизмат қилмоқда.
2025-2026 йиллар ҳисобот даврида "Fair Tech" тизими орқали келиб тушган маълумотлар асосида олиб борилган назорат тадбирлари натижасида 991 та дорихонада, шундан 152 та улгуржи ва 839 та чакана савдо субъектида, жами 414 305 та ҳолатда дори воситаларига белгиланган савдо устамалари ошириб қўлланилгани аниқланди.
Натижада 8,5 миллиард сўм миқдорида асоссиз даромад олингани қайд этилиб, истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди ҳамда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Бу рақамлар айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қонунчилик талабларига риоя этилмаётганини кўрсатса-да, иккинчи томондан давлат назоратининг самарали ишлаётганини ҳам яққол намоён этади.
Кўпчилик нархни ошириб сотиш фақат иқтисодий ҳуқуқбузарлик деб ўйлайди.
Аслида эса фармацевтика фаолияти лицензияланадиган фаолият тури бўлиб, мазкур соҳада фаолият юритаётган ҳар бир тадбиркор лицензия талаблари ва шартларига қатъий амал қилиши шарт.
Дори воситаларига белгиланган чекланган савдо устамаларига риоя қилмаслик ана шу мажбуриятларнинг бузилиши ҳисобланади. Шу сабабли Рақобат қўмитаси томонидан аниқланган бундай ҳолатлар Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига белгиланган тартибда юборилади.
Марказ мутахассислари ҳар бир ҳолатни алоҳида ўрганади, рецепт билан бериладиган дори воситасини референт нархдан юқори сотганлиги лицензия талаб ва шартини қўпол бузишга киради ва Марказ ўз ваколати доирасида дорихонанинг лицензиясини бекор қилиш юзасидан судга мурожаат қилади ҳамда қонунчиликда назарда тутилган чораларни қўллайди.
Фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензия давлатнинг тадбиркорга билдирган ишончидир. Бу ишончни оқлаш эса тадбиркордан қонунчиликка риоя қилишни, истеъмолчи манфаатларини устувор қўйишни ва ҳалол фаолият юритишни талаб қилади.
Афсуски, айрим тадбиркорлик субъектлари қисқа муддатли иқтисодий манфаатни кўзлаб, ушбу тамойилларни бузмоқда. 2025–2026 йиллар давомида нархларни сунъий оширгани аниқланган айрим дорихоналарнинг лицензиялари бекор қилингани бу борадаги давлат сиёсати қатъий эканини кўрсатади.
Хусусан, "FARM EFFEKT" МЧЖ, "PHARMA BREND" МЧЖ, "GIPOFIZ FARM" МЧЖ, "MAXSUDBEK BIZNES" ХК, "THE GREAT FARM" МЧЖ ҳамда "MEDEX GROUP PHARM" МЧЖнинг фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензиялари дори воситалари нархларини белгиланган тартибни бузган ҳолда оширгани сабабли бекор қилинди.
Бу қарорлар бошқа хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳам муҳим огоҳлантириш вазифасини ўтайди.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази фаолиятида жазолашдан кўра профилактикага алоҳида эътибор қаратилади. Дорихона ташкилотлари билан мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, лицензия талаблари юзасидан семинарлар ташкил этилмоқда, амалдаги қонунчиликдаги ўзгаришлар тадбиркорларга ўз вақтида етказилмоқда.
Бироқ огоҳлантиришларга қарамай қонун бузилиши давом этса, қонунчиликда белгиланган таъсир чоралари муқаррар равишда қўлланилади.
Бугунги кунда фармацевтика бозорининг асосий қисми қонунчиликка риоя қилаётган, масъулиятли ва ҳалол тадбиркорлардан иборат. Давлатнинг мақсади тадбиркорликни чеклаш эмас, аксинча, қонунга риоя қилаётган субъектлар учун тенг ва адолатли рақобат муҳитини яратишдир.
Нархларни сунъий ошириш орқали ноқонуний устунликка эришишга уринаётган айрим субъектларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши айнан ҳалол тадбиркорларнинг манфаатларини ҳам ҳимоя қилади.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази фармацевтика бозорида қонун устуворлигини таъминлаш, лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш ҳамда аҳолининг дори воситаларидан фойдаланишдаги қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни изчил давом эттиради.
Ҳар бир дорихона ва улгуржи савдо ташкилоти шуни унутмаслиги керакки, дори воситалари нархининг қонунчиликда белгиланган тартибда шаклланиши нафақат ҳуқуқий мажбурият, балки жамият олдидаги масъулият ҳамдир.
Инсон саломатлиги, истеъмолчи ишончи ва қонун устуворлиги фармацевтика тизимининг энг муҳим қадриятлари бўлиб қолаверади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА