Фарғона ва Европа давлатлари ҳамкорлиги кенгаймоқда
Фарғона вилояти тобора Европанинг кўпроқ давлатлари билан иқтисодий муносабатларни йўлга қўймоқда. Франция, Италия, Германия каби мамлакатлар компаниялари Фарғонада ишлаётганига бир неча йиллар бўлди. Сўнгги пайтда эса улар қаторига Швейцария қўшилди. Бугун Фарғона вилоятида Швейцария капитали иштирокидаги 6 та корхона фаолият кўрсатмоқда. 2026 йилнинг шу даврига қадар Швейцария билан ҳамкорликдаги бир неча лойиҳалар доирасида 35 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилган. Шунингдек, ўзаро савдо айланмаси 2,1 миллион долларни ташкил этган. Аммо ҳали олдинда кенг имкониятлар мавжуд. Улардан самарали фойдаланиш мақсадида Фарғонага Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Симон Гигер ташриф буюрди. Уни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров қабул қилди.
Учрашувда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма сармоя лойиҳаларини амалга ошириш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Элчи Симон Гигер Фарғонанинг бетакрор табиати, гўзал манзаралари, бой ҳунармандчилик анъаналари, маданий ҳаёти ва иқтисодий салоҳияти унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
Мулоқотда вилоятнинг “Фитcҳ Ратингс” ва “С&П Глобал Ратингс” халқаро рейтинг агентликлари томонидан баҳолангани ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги ва халқаро ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавот экспорти, фармацевтика, саноат, тўқимачилик ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантириш, янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, мутахассислар тайёрлаш, Швейцария компанияларини ва инвестицияларни вилоятга фаол жалб этиш ҳамда ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги йўналишларда кенгайтириш ва мулоқотларни мунтазам давом эттиришга келишиб олинди.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА