Фарғона – Туркистон: азалий қадриятлар тикланади
Икки улуғ зот – Хўжа Аҳмад Яссавий ва Бурҳониддин Марғиноний туфайли Фарғона ва Туркистон замини олиму уламолари, ҳунарманду санъаткорлари азал-азалдан яқин дўст, биродар, ҳамкор эди. Аммо замонлар келиб бу юртлар икки давлат ҳудудидан жой олди. Туркистон бугунги Қозоғистоннинг тарихий обидалар шаҳри, Фарғона эса Ўзбекистоннинг иқтисодий бақувват йирик шаҳарларидан бири бўлди.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган Биродар шаҳарлар халқаро форуми доирасида Туркистон ва Фарғона вилоятлари раҳбарлари “Туркистон – Фарғона” биродарлик меморандумини имзолади. Ҳужжат икки ҳудуд ўртасида саноат, инвестиция, таълим ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. Унга мувофиқ, қўшма корхоналар ташкил этиш, олий таълим муассасалари ўртасида талабалар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда туризм соҳасида ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА