Фарғоналик тадбиркорлар Афғонистонда
Фарғона вилоятининг 150 нафар раҳбар ва тадбиркорлари махсус чартер самолёт билан Афғонистонга келди. Мақсад ушбу мамлакатнинг вилоятлари ва тадбиркорлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги лойиҳаларни муҳокама қилиш ва савдо-сотиқ, ишлаб чиқаришни ташкил этиш юзасидан шартномалар имзолаш эди.
Дастлаб Қобул шаҳрида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва Афғон расмийлари иштирокида “Фарғона савдо уйи”нинг тантанали равишда очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат ишбилармонлари қатнашди. Савдо уйида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғаси остида Фарғоналик тадбиркорларнинг кенг турдаги маҳсулотлари намойиш этилди. Шу ернинг ўзидаёқ Афғонистонинг ўнлаб савдо ширкатлари уларни сотиб олиш ҳақида шартномалар имзолади.

Сўнгра делегацияни Афғонистон бош вазири Мулла Муҳаммад Ҳасан Охун қабул қилди. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Шундан сўнг асосий тадбир Ўзбекистон – Афғонистон бизнес форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг 400 дан зиёд етакчи тадбиркор ва инвесторлари иштирок этди.

Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Афғонистонга сафари доирасида мамлакатнинг бир қатор расмийлари ва йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашмоқда.

Ўзбекистон – Афғонистон бизнес форуми яна бир йирик марказ Мозори Шарифда ҳам бўлиши кутиляпти.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА