Фарғона: ижтимоий муаммолар ечимида ННТ иштироки
Бугун маҳалла гузарларида одамлар билан суҳбатлашсангиз, муҳим бир ўзгаришни пайқайсиз: эндиликда аҳоли ўз муаммоси билан фақат ҳокимият ёки давлат идораси эшигини қоқаётгани йўқ. Қайсидир ҳудудда ишсиз аёллар тикувчилик ва тадбиркорлик сирларини ўрганаётган бўлса, бошқа бир маҳаллада турмуш синовларидан толиққан инсонларга психолог ва ҳуқуқшунослар беминнат елкадош бўлмоқда. Эътиборлиси, бу ишларнинг бошида давлат идоралари билан бир сафда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари турибди.
Яқин-яқингача кўпчиликда “нодавлат ташкилот – фақат тадбир ўтказадиган тузилма” деган эскича қараш бор эди. Бугун ҳаётнинг ўзи бу тасаввурни ўзгартирди. Жамиятдаги барча ижтимоий масалаларни фақат давлат идораларининг ўзигагина юклаб бўлмайди, халқ ичига чуқурроқ кириш ва ҳар бир оилага манзилли кўмак кўрсатишда фуқаролик жамияти институтлари давлатнинг энг яқин кўмакчисига айланмоқда.
Бугунги кунда Фарғона вилоятида 800 га яқин ННТлар ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар, тиббиёт, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик каби йўналишларда фаолият юритмоқда. Давлат томонидан уларга рўйхатдан ўтиш божларининг камайтирилиши ва моддий-техник базасини яхшилашдан тортиб, махсус грантларгача барча кафолатлар яратилган.
Жумладан, 2026 йилнинг ўтган даврида вилоятда хорижий ва давлат грантлари, ижтимоий буюртмалар ва субсидиялар шаклида 33 та фуқаролик жамияти институтининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари молиялаштирилди, Фарғона шаҳридаги “ННТлар уйи”да эса замонавий “Коворкинг” маркази барпо этилмоқда.
“Қўли ҳунарли хор бўлмас” дейди халқимиз. Вилоятимиздаги фаол ННТлар ҳам бир марталик ёрдам билан чекланмай, ишсиз хотин-қизлар ва ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитишга устувор аҳамият қаратмоқда.
Хусусан, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди кўмагида Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази вилоят бўлими томонидан Қува туманининг олтита маҳалласида “Ресурслар бирлиги – имкониятлар манбаи” лойиҳаси амалга оширилди. Унда ишсиз аёлларга тикувчилик, кичик бизнес ва молиявий ҳисоб-китоб ўргатилиб, 100 нафар иштирокчи орасидан энг яхши 5 та бизнес ташаббус эгаларига тикув машиналари, печь, хамир қорувчи ва музлаткичлар топширилди.
Шунингдек, “Азим-тафаккур” ННТ Фарғона ва Қўқон шаҳарларида “Бир имконият – бир касб” ҳамда “Digital Business Women” лойиҳалари орқали, вилоят “Тадбиркор аёллар бизнес маркази” эса “Орзулар устахонаси, СММ ва Мобилография” тренинглари орқали 40 нафардан ортиқ аёлларга тикувчилик ва маҳсулотларни интернетда сотиш кўникмаларини ўргатди. Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси эса “Бизнесга биринчи қадам” курсларида 150 нафар хотин-қизни тадбиркорлик асосларига ўқитди.
Ёшлар таълими ва оилавий фаровонлик йўналишида Бувайда туманидаги “Прометей” маркази давлат гранти асосида “Инклюзив келажак маркази”ни ташкил этиб, имконияти чекланган болалар учун IT ва робототехника тўгарагини йўлга қўйган бўлса, “Чеҳра” маркази Фарғона шаҳридаги “Фарғона” маҳалласини компьютерлар билан жиҳозлаб, ёшлар ва аёллар учун инглиз тили ҳамда компьютер курсларини очди. Қува тумани ва Қувасой шаҳридаги “БАРАКА” лойиҳаси эса меҳнат мигрантлари оилаларига оилавий бюджетни режалаштиришни ўргатмоқда.
Вилоятимиздаги ННТларнинг юрист ва психологлари, жалб этилган мутахассислари орқали хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш борасида маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари ҳамда “Инсон” марказлари билан елкама-елка ишламоқда.
Жумладан, “Меҳржон” ҳамда “Нодирабегим” марказлари томонидан “Чегара билмас ҳуқуқлар: аёллар учун мобил ёрдам” ва “Билимли аёл – жамият пойдевори” лойиҳалари доирасида энг чекка ва чегарадош ҳудудлар — Сўх, Бешариқ ва Фарғона туманларидаги 400 нафардан ортиқ оғир вазиятдаги хотин-қизлар учун мобил юрист маслаҳатлари ҳамда психологик тренинглар ўтказилди. Шунингдек, Қўштепа туманида “Англаш орқали таскин” психологик кўмак дастури йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, “Қалб нури”, “Нодира Плюс” ва “Прометей” марказлари Оила ва хотин-қизлар бўлимлари билан ҳамкорликда Марғилон шаҳри, Бағдод, Бувайда, Бешариқ ва Сўх туманларида эрта никоҳлар, ажримлар ва оилавий зўравонликнинг олдини олиш бўйича 250 нафардан зиёд хотин-қиз иштирокида амалий тренинглар ташкил этди.
Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси Қува ва Тошлоқ туманларида аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари бўйича тарғибот ишлари олиб борди, “Мадад” ННТ барча туман-шаҳар Халқ депутатлари Кенгашлари билан меморандумлар имзолаб, сайёр қабулларда аҳоли ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда.
Давлатнинг ижтимоий ҳимоя сиёсатини маҳалла даражасида тўлдиришда ҳам нодавлат ташкилотлар чинакам меҳр кўприги бўлмоқда. Хусусан, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди кўмагида ЎзННТМА вилоят бўлинмаси (100 млн сўм) ва “Тадбиркор аёллар бизнес маркази” (110 млн сўм) томонидан Олтиариқ, Фарғона, Қўштепа туманлари ҳамда Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларидаги 144 та эҳтиёжманд оила (558 нафар фуқаро)га 10 хил турдаги озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, ногиронлик аравачалари ва тикув машиналари етказилиб, 34 та оиланинг 35 млн сўмлик ижара ва коммунал хизматлари тўловлари қоплаб берилди.
Уй-жой ва саломатлик кўмаги йўналишида “Болажон дунёси” фонди томонидан Тошлоқ тумани “Варзак” маҳалласида боқувчисини йўқотган оилага 3 хонали уй қурилмоқда, Фарғона туманида эҳтиёжманд аёлга 2 хонали хонадон топширилиб, 4 та уй таъмирланди ҳамда оғир бемор 3 нафар боланинг Ҳиндистонда даволаниши ташкил этилди.
“Меҳр-мурувват” фонди Данғара туманида боқувчисини йўқотган оилалар учун 5 қаватли, 20 хонадонли “Меҳр-мурувват уйи”ни қураётган бўлса, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди 5 та эҳтиёжманд хонадонни таъмирлаб жиҳозлади, “Соғлом авлод учун” фонди эса Фарғона шаҳрида 115 нафар фуқарони бепул тиббий кўрикдан ўтказиб, дори-дармон билан таъминлади.
Тоза ичимлик суви ва жамоатчилик назорати йўналишида эса Парламент жамоат фонди кўмагида “Оқжар чашмаси” ННТ Данғара тумани “Оқжар” маҳалласидаги 312 та хонадонга, Республика “Тараққиёт” маркази эса Қўштепа тумани “Оқтепа” маҳалласи (30 км қувур ва 500 та сув ҳисоблагич) ҳамда Тошлоқ тумани “Арабмозор” маҳалласидаги 1030 та хонадонга тоза ичимлик суви тармоғини тортмоқда. Шу билан бирга, Ногиронлар ассоциацияси, Ногиронлар жамияти ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси вилоят бўлимлари ижтимоий объектларда “тўсиқсиз муҳит” ва таълим муассасалари сифати устидан таъсирчан жамоатчилик мониторингини олиб бормоқда.
Бугунги тажриба шуни кўрсатмоқдаки, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ижтимоий шериклик кучли бўлса, жойлардаги муаммолар тезроқ ечим топади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари давлатга рақобатчи эмас, балки масъулиятли вазифаларни бажаришда унга елкадош ва халқ билан давлат ўртасидаги мустаҳкам кўприкдир. Фарғонада ана шу ҳамжиҳатлик самараси касбли бўлган аёлнинг даромадида, уйли ва сувли бўлган хонадонлар қувончида ҳамда ҳуқуқи тикланган инсонларнинг шукронасида ўз ифодасини топмоқда.
Санжарбек Раҳмонов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.
ЎзА