Эътирофга муносиб 35 йиллик меҳнат
Жиззах шаҳрида “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарининг 35 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ фаолларга эсдалик кўкрак нишонлари топширилди.
Шароф Рашидов номидаги Жиззах ахборот-кутубхона марказида “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарининг 35 йиллигига бағишлаб тадбир бўлиб ўтди. Маросимда маҳаллий ижодкорлар, журналистлар ва жамоатчилик вакиллари қатнашди. Тантанада йиллар давомида матбуот равнақига ҳисса қўшган инсонларга ҳурмат кўрсатилди.
Тадбирда “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарининг махсус мухбири Абдунаби Алиқулов нашрларнинг мамлакат ижтимоий ҳаётидаги ўрни, босиб ўтган йўли ва жамият билан ҳамнафасликдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Тақдирланганлар орасида фахрий журналист, таниқли ёзувчи Абдурасул Мамарасулов ҳам бор. У газетанинг илк давридан Жиззах вилояти бўйича мухбири сифатида иш бошлаган. Унинг касбий фаолияти миллий матбуотимиз тарихидаги муҳим босқичлар билан узвий боғлиқ.
[gallery-32185]
– Кўп йиллик меҳнатимизни қадрлаб, эътибор кўрсатган таҳририятга самимий миннатдорчилик билдираман. “Халқ сўзи” ташкил этилган илк кунларданоқ вилоятимиздаги воқеаларни ёритишга киришганмиз. Ўша даврда шароит оғир, имкониятлар эса жуда чекланган эди. Шунга қарамай, газетани ўқувчиларга етказиш, долзарб воқеалар ҳақида халққа холис ахборот бериш учун бор кучимизни сафарбар қилардик.
Бугун журналистлар замонавий техника, ахборот олиш ва тарқатиш имкониятлари, қулай иш шароитларига эга. Ҳозирги авлод вакилларига ҳавас қиламан. Энг қувонарлиси, ўша йилларда шаклланган матбуот анъаналари давом этмоқда, меҳнатимиз эса қадр топяпти. Бундай эътибор бизга куч ва илҳом бағишлайди, – дейди Абдурасул Мамарасулов.
Журналистика соҳасини қўллаб-қувватлаш ва унинг тараққиёти учун зарур шарт-шароитларни яратиш давлат сиёсатида ҳам муҳим ўрин тутади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида соҳани ривожлантириш, журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ижодий фаоллигини рағбатлантириш чоралари белгиланган. Ушбу йўналишдаги ишлар матбуотнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Жиззахдаги маросим эса касбга садоқат, сўз масъулияти ва устозлар тажрибасига ҳурматнинг ёрқин ифодаси бўлди. Фахрий журналистларга кўрсатилган эътибор нафақат уларнинг кўп йиллик меҳнатига берилган баҳо, балки миллий матбуот анъаналарини давом эттираётган янги авлод учун ҳам ибратдир.
Абдужалол Қаюмов, Жамшид Ёрбеков(сурат),
ЎзА мухбирлари