Миллий бренд муҳофазаси: Ўзбек икати учун сифат стандартлари жорий этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси «Ҳунарманд» уюшмасида ALIPH халқаро жамғармаси ва Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги асосида амалга оширилаётган «Ikat Connection» лойиҳаси доирасида Ўзбекистон икат маҳсулотларининг миллий сифат стандартлари ва сифат белгиларини жорий этишга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Асрлар давомида Ипак йўлининг чорраҳасида шаклланган, ўзида миллий ўзлик ва юксак бадиий дидни мужассам этган ўзбек икат матолари — атлас ва адраслар бугун жаҳон мода оламида янги юксалиш даврини бошдан кечирмоқда. Бироқ, ушбу ноёб маданий мероснинг глобал миқёсдаги нуфузи ортиши билан бирга, бозорда қўл меҳнати маҳсулотларини қалбакилаштириш ва сифатсиз нусхаларни сотиш ҳолатлари ҳам кўзга ташланмоқда. Мана шундай шароитда Ўзбекистоннинг асл миллий брендларини ҳимоя қилиш, ҳунармандлар меҳнатини қадрлаш ва маҳсулотларнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини таъминлаш давр талабига айланди.
[gallery-32199]
Тадбирда жорий этилаётган миллий сифат стандартлари хусусида сўз борди. Жумладан, Миллий сифат стандартлари доирасида икат матолари ишлаб чиқариш технологияси, фойдаланилган хомашё, бўёқлар ва бошқа сифат мезонларига кўра тўртта тоифага ажратилади.
Улар олтин, кумуш, яшил ва мовий сифат белгилари билан ифодаланади. Олтин сифат белгиси қўлда тўқилган, 100 фоиз соф ипакдан тайёрланган ва табиий бўёқлар билан бўялган матоларга берилади. Кумуш сифат белгиси эса табиий ипак ва пахта толаларидан тайёрланган, табиий бўёқлар билан бўялган қўлда тўқилган матоларни қамраб олади. Яшил сифат белгиси табиий ёки кимёвий бўёқлар ва толалардан фойдаланилган қўлда тўқилган матоларга, мовий сифат белгиси эса машина технологиялари ёрдамида ишлаб чиқарилган икат матоларига нисбатан қўлланилади. Барча тоифалар учун мато рангларининг қўлда ювишга чидамлилиги муҳим сифат мезонларидан бири ҳисобланади.
Сифат белгиларининг ранглари Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги мовий, оқ ва яшил ранглар билан уйғунликда танланган бўлиб, уларга олтин ва кумуш ранглар ҳам қўшилган. Мазкур белгилар истеъмолчиларга маҳсулотнинг таркиби, ишлаб чиқариш усули ва сифат хусусиятларини фарқлаш имконини беради.
–Тизимни жорий этишдан кўзланган асосий мақсад истеъмолчиларнинг икат маҳсулотлари ҳақидаги хабардорлигини ошириш, ўзбек икатининг халқаро бренди ва маркетингини ривожлантириш ҳамда ёш ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашдан иборат, – деди «Ҳунарманд» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Ҳотамова. – «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари сифат белгисини олиш учун йилига бир марта бепул ариза топширишлари мумкин. Бунинг учун мато намунаси билан бирга уста ёки тўқувчининг исми, маҳсулотнинг келиб чиқиш жойи, нақш номи, яратилган йили, фойдаланилган бўёқлар ва хомашё ҳақидаги маълумотлар тақдим этилади.
Тақдим этилган намуналар ўрганиб чиқилгандан сўнг, сифат белгисига муносиб деб топилган маҳсулот учун ҳунармандга юқори аниқликдаги рақамли сифат белгиси, маҳсулот ҳақидаги маълумотлар акс этган рақамли ёрлиқ ҳамда маҳсулот тасвири ва сифат белгиси берилган йил кўрсатилган, имзоланган ва муҳрланган сифат сертификати тақдим этилади. Сифат белгисидан фақат баҳолашдан ўтган муайян мато учун фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, тадбир давомида лойиҳа доирасида ишлаб чиқилган экологик сертификатлаш тизими, ундан ҳунармандлар, маркетинг мутахассислари ва истеъмолчиларнинг фойдаланиш тартиби, шунингдек, лойиҳа доирасида яратилган веб-саҳифа ҳақида маълумот берилди.
Мазкур ташаббус миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ўзбек икатининг ўзига хос хусусиятлари ва сифатини кенг тарғиб қилиш, миллий маҳсулотларнинг халқаро бозордаги нуфузини ошириш ҳамда ёш икат ишлаб чиқарувчиларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.
Гулноза Бобоева,
Ўктам Ҳайитов (сурат),
ЎзА