Фанлар академиясида миллатлараро тотувлик масалалари муҳокама қилинди
30 июль — Халқаро дўстлик куни муносабати билан ўтказилаётган “Дўстлик” фестивали доирасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида “Биз — ягона Ватан фарзандларимиз” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирни очиб берган Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим таянчларидан бири эканини таъкидлади.
— Илм-фан чегара билмайди. Олимларни ягона мақсад — ҳақиқатни излаш ва инсоният тараққиётига хизмат қилиш бирлаштиради. Шу боис, Фанлар академияси нафақат илм маскани, балки турли миллат вакилларини умумий қадриятлар атрофида бирлаштирувчи маърифат даргоҳи ҳамдир. “Биз — ягона Ватан фарзандларимиз” деган ғоя ҳар бир олимнинг фаолиятида, ҳар бир илмий ютуғида ўз аксини топиши керак. Чунки илм ва маърифат жамиятда тинчлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлайди, — деди Баҳром Абдуҳалимов.

Давра суҳбати давомида профессор Саодат Давлатова мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, турли миллат ва элат вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда бағрикенглик муҳитини янада кучайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Шунингдек, иштирокчилар ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, фуқаролик масъулияти ва бағрикенглик туйғуларини мустаҳкамлаш, халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси ва миллий қадриятларини асраб-авайлаш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди.
Тадбир қизғин савол-жавоблар ва очиқ мулоқот руҳида ўтди. Якунда мамлакатимизда қарор топган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг юксак масъулияти экани яна бир бор эътироф этилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА