Фан олимпиадаси ғолиблари учун яна бир рағбат
Бугунги кунда ёшларни илм-фан ва спортга кенг жалб қилиш, уларнинг иқтидорини муносиб рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Сўнгги йилларда ғолибларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда. Энди эса бу тизим яна бир муҳим рағбатлантириш усули билан бойитилди.
Ҳукуматнинг 2026 йил 24 июлда қабул қилинган тегишли қарори билан таълим ва спорт соҳасида юқори натижа кўрсатган ўқувчи-ёшларни рағбатлантиришнинг янги механизми жорий этилди. Энди республика ва вилоят босқичидаги фан олимпиадалари ҳамда спорт мусобақалари ғолиблари пул мукофоти ёки диплом билан чекланиб қолмай, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” йўлланмалари билан ҳам тақдирланади.
Мазкур қарорнинг амалиётга татбиқ этилиши ёшларнинг интеллектуал ва спортдаги ютуқларини мамлакат тарихи, маданияти ва туризм салоҳияти билан боғлайди. Рағбатлантириш нафақат мукофот сифатида, балки тарбиявий аҳамиятга эга лойиҳага айланмоқда.
Низомга мувофиқ, республика босқичи ғолиблари Ўзбекистоннинг турли туристик объектларига 3 кунлик, вилоят босқичи ғолиблари эса бошқа ҳудудларга 2 кунлик саёҳат қилади. Бу орқали ёшлар юртимизнинг бой тарихий мероси, табиий гўшалари ва маданий қадриятлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.
Қарорда саёҳатнинг барча ташкилий масалалари ҳам қамраб олинган. Транспорт, меҳмонхона, овқатланиш, экскурсия, гид хизмати, музей ва тарихий обидаларга кириш чипталари ҳамда саёҳат суғуртаси давлат томонидан қопланиши иштирокчилар учун қулай шарт-шароит яратади. Бу эса барча ғолибларга тенг имконият тақдим этилишини таъминлайди.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай рағбатлантириш тизими ёшларни олимпиада ва мусобақаларда фаол иштирок этишга ундайди, рақобат муҳитини кучайтиради ҳамда таълим ва спортга қизиқишни оширади. Шу билан бирга, ички туризм ривожига ҳам қўшимча туртки бериши мумкин.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА