Халқаро компания Ўзбекистонда янги иш ўринларини яратишни режалаштирмоқда
Ўзбекистон халқаро компаниялар учун бизнес хизматлари ва аутсорсинг соҳасида тобора жозибадор мамлакатга айланмоқда.
“Global Business Services Forum 2026” форуми доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Trenkwalder Group компаниясининг операцион мукаммаллик бўйича директори Эмраҳ Динч билан учрашди.

Учрашувда компаниянинг Ўзбекистонда BPO (бизнес жараёнларини аутсорсинг қилиш) ва бек-офис хизматларини йўлга қўйиш режалари муҳокама қилинди. Шунингдек, лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичлари ва узоқ муддатли ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

1985 йилда ташкил этилган Trenkwalder Group Европадаги йирик кадрлар ва бизнес жараёнлари аутсорсинги компанияларидан бири ҳисобланади. Компания Европанинг 16 та мамлакатида фаолият юритади, қарийб 200 та офисга, 20 мингдан ортиқ ходимга эга. Унинг йиллик даромади 700 миллион евродан ошади.
Компания вакиллари Ўзбекистонни халқаро мижозларга хизмат кўрсатувчи мутахассисларни тайёрлаш ҳамда аутсорсинг ва бек-офис марказларини жойлаштириш учун истиқболли йўналиш сифатида баҳолаётганини билдирди. Дастлабки босқичда 100 нафар мутахассисдан иборат жамоани шакллантириш имконияти ўрганилмоқда.
IT Park Uzbekistan жамоаси эса мамлакатда экспортбоп хизматлар марказларини ривожлантириш учун яратилган имкониятлар, малакали кадрлар салоҳияти ва давлат томонидан берилаётган қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этди. Томонлар компаниянинг Ўзбекистон бозорига кириши ва операцион фаолиятини йўлга қўйиш бўйича йўл харитасини ҳам муҳокама қилди.
Ушбу лойиҳа амалга ошса, юзлаб янги юқори малакали иш ўринлари яратилиши, BPO хизматлари экспорти кенгайиши ва Ўзбекистоннинг халқаро бизнес хизматлари бозоридаги ўрни янада мустаҳкамланиши кутилмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА