Транспорт прокуратураси: Фуқаролар ва давлатга етказилган 51 миллиард сўмлик зарар ундирилди
Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси органларининг кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолият натижалари танқидий муҳокама қилинди.
Транспорт прокурори И.Наримов бошқарган мажлисда жорий йилнинг ўтган даврида 3 мингдан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўллаш орқали 2 минг нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани таъкидланди.
Текширишлар ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилган 51 миллиард сўмлик зарар ундирилгани қайд қилинди.
Ҳайъат йиғилишида прокурорлар томонидан транспортда ижтимоий-иқтисодий ва маиший соҳаларда йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жазо муқаррарлигини таъминлаш ва бошқа долзарб йўналишларда амалга оширилган ишлар ва мавжуд муаммолар алоҳида ўрин эгаллади.

Тадбиркорлар ва юк ташувчиларга вагонларни ўз вақтида етказиб бериш каби муҳим вазифаларга тўхталиб ўтилди.
Йиғилишда масъулларнинг тушунтириш ва изоҳлари тингланиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича ижро муддатлари белгиланди, аниқ топшириқлар берилди. Келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА