Эзгулик ва маърифат сари йўл
Самарқанднинг муқаддас қадамжолари янги қиёфа, янги мазмун касб этиб, маърифат масканига айланмоқда, халқимиз руҳий-маънавий оламини бойитмоқда.
Самарқанд – асрлар садоси, буюк тамаддун нафаси, илм ва маърифатнинг бетакрор шукуҳини ўзида акс эттирган замин. Бу азим шаҳар нафақат Шарқнинг дурдонаси, балки ислом оламининг маънавий таянчларидан бири сифатида азалдан маълуму машҳур бўлиб келган. Ана шу табаррук заминда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом ад-Доромий, Маҳдуми Аъзам сингари буюк зотлар қолдирган илмий ва маънавий мерос бугун ҳам инсониятни эзгулик, маърифат ва бағрикенгликка чорлаб келмоқда.
Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ана шу улуғ аждодларимиз мангу ором топган масканлар ва бошқа муқаддас қадамжолар янада обод қилинди, бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Бу орқали нафақат тарихий обидалар қайта тикланди, балки жаҳон мусулмонлари интиладиган замонавий зиёрат марказларига айлантирилди.
Имом Бухорий мажмуаси – эзгулик ва маърифат нурини таратаётган даргоҳ
Муҳаддислар султони, ҳадис илмининг беқиёс алломаси Имом Бухорий номи тилга олинганда, бутун мусулмон олами юксак эҳтиром билан бош эгади. Чунки, унинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асари Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба сифатида тан олинган. Алломанинг ўзи эса пайғамбаримизнинг энг саҳиҳ ҳадисларини тўплаган, бу борадаги бошқа муҳаддисларга сабоқ берган улуғ зот сифатида эъзозланади.
Минг афсуски, собиқ совет мафкураси наинки Имом Бухорий, балки бошқа диний уламоларимиз меросини ўрганиш, улар номи билан боғлиқ масканларни зиёрат манзилларига айлантиришга ҳам тўсиқ қўйганди. Ватанимиз мустақиллиги туфайлигина халқимиз маънавий оламининг асосини ташкил этадиган диний-маърифий соҳа миллий мафкурамизнинг бир бўлаги сифатида белгиланди. Улуғ алломалар, имом ва авлиёлар номини эмин-эркин тилга оладиган бўлдик, улар маънавий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш имконияти яратилди.
Жумладан, Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида жойлашган буюк муҳаддис Имом Бухорий мангу ором топган маскан ҳам ўтган аср 90-йиллари охирида, обод қилиниб, муқаддас зиёратгоҳга айлантирилди. Ўша даврда эндигина мустақилликка эришиб, соҳа ва тармоқларни янгидан шакллантираётган, иқтисодиёти ўзига яраша бўлган давлат учун бу ҳам катта гап эди.
– 1998 йилда Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги муносабати билан улуғ муҳаддис мажмуасида илк бор кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, бу маскан обод қилинганди, – дейди кўп йиллар Имом Бухорий масжиди имом-хатиби бўлган Маҳмуджон Ибодуллаев. – Бу ишлар асосан ҳашар йўли билан ниҳоятда қисқа фурсат – 8 ойда бажарилганди. Аллома қабри устида улкан мақбара, миллий услубдаги айвонлар, катта масжид қурилганди. Кейинчалик ҳам ҳудудда бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Лекин Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолият бошлагач, бошқа муқаддас қадамжоларимиз қатори Имом Бухорий мажмуасига эътибор ҳам тубдан ўзгарди. Аввало, бу ерда улуғ муҳаддис илмий меросини ўрганиш мақсадида халқаро илмий-тадқиқот маркази, ҳадис мактаби ташкил этилди. Сўнгра 5-6 йил давомида Имом Бухорий мажмуаси буюк алломанинг илмий салоҳияти ва маънавий қудратига муносиб равишда қайта барпо этилди. Бугун бу маскан шунчаки зиёратгоҳ эмас, балки дунё мусулмонлари талпинадиган, руҳий қувват оладиган маърифат маскани, йирик туризм марказига айланмоқда.

Ростдан ҳам, 45 гектар майдонда бунёд этилган бу улкан зиёратгоҳга қадам қўйган инсон, аввало, унинг муҳташамлиги ва нафис меъморчилигига маҳлиё бўлади. Кўкка бўйлашган 75 метрлик тўрт минора, мовий осмон билан уйғунлашиб кетган 14 гумбаз, миллий меъморчилик анъаналари мужассам бўлган 154 устунли айвон, ўн минг намозхонни бағрига сиғдира оладиган муҳташам масжид буларнинг барчаси миллий меъморчилик санъати ва замонавий муҳандислик ечимларининг бетакрор уйғунлигидир.
Мажмуанинг юраги эса, шубҳасиз, буюк муҳаддиснинг табаррук мақбараси. Бу ерда ҳукм сураётган сокинлик, нур ва файз ҳар бир зиёратчини чуқур тафаккурга чорлайди. Илгари мажмуага келганлар яхши эслайди – зиёратгоҳ тўрида бунёд этилган мақбара остида асосий қабр жойлашган жой ниҳоятда кичик бўлиб, беш-олти кишигина кира олар эди. Бугун эса улкан мақбара ва унда рамзий қабр ўрнатилиши билан бирга биринчи қаватда асосий қабр атрофи ҳам кенгайтирилиб, зиёратчилар учун қулай шароит яратилди.
Айнан шу ерда, биринчи қаватда замонавий ахборот технологиялари асосида инновацион музей яратилди. Тўққиз павильондан иборат музей бу масканнинг маънавий аҳамиятини янада бойитган. Бу ерда Имом Бухорийнинг ҳаёти, илмий сафарлари, ҳадисларни жамлашдаги машаққатли меҳнати, Қуръони каримда номи зикр этилган пайғамбарлар тарихи, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг муборак ҳаёт йўли интерактив усулларда намойиш этилган.
Имом Бухорий мажмуаси илгари бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, яратилган кенг имкониятлар туфайли бугун бир кунда 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга бўлди. Зиёратчилар учун йигирмадан ортиқ меҳмонхоналар, сервис марказлари, оилавий меҳмон уйлари, автотураргоҳлар қурилиб, муқаддас қадамжо ҳақиқий зиёрат шаҳарчасига айлантирилди. Натижада янгиланган мажмуа зиёратчилар учун ўз эшикларини очган март ойининг сўнгги ўн кунлигидан буён бу ерда 2,5 миллиондан ортиқ меҳмон келиб, муқаддас масканни зиёрат қилди.
Энг муҳими, бугун бу ерга нафақат юртдошларимиз, балки дунёнинг турли мамлакатларидан минглаб мусулмонлар ташриф буюрмоқда. Айрим давлатлар, ҳатто, Ҳаж ва Умра сафари дастурини Самарқанддаги Имом Бухорий зиёратидан бошлаш ташаббусини илгари сурмоқда.
Яқинда юртимизда илк бор ташкил этилган “I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” халқаро форуми доирасида мажмуада “Имом Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асари – Уммат китоби” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди. Унда иштирок этган ўндан ортиқ халқаро ташкилотлар раҳбарлари, 50 га яқин мамлакатдан келган диний уламолар, давлат ва жамоат арбоблари Имом Бухорий ёдгорлиги ислом оламининг табаррук зиёратгоҳларидан бири, улкан маърифат масканига айланганини эътироф этди.
[gallery-30700]
Имом Мотуридий мажмуаси кўркам зиёратгоҳ бўлади
Айни пайтда Самарқанднинг яна бир муқаддас гўшаси – Имом Мотуридий мақбараси атрофида ҳам улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, ўтган йил юртимизда ақида илми асосчиси Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланди. Ақида илмида Абу Мансур Мотуридийнинг илмий мероси бутун мусулмон олами учун беқиёс аҳамиятга эга. Ана шу улуғ зотга муносиб зиёратгоҳ барпо этиш мақсадида ўтган йил Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристони ҳудудида, Имом Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштиришга киришилганди.

Ҳозирги кунда 12 гектар ҳудуд мутлақо янги қиёфа касб этмоқда. Янги масжид, музей, муҳташам пештоқ ва айвонлар барпо этилмоқда. 2000 йилда қурилган мақбара реконструкция қилиниб, унинг гумбази қайта тикланди. Эътиборлиси, қурилиш ишлари давомида буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний дафн этилган жой аниқланиб, унинг мақбараси ва кўркам айвон қуриляпти. Чокардиза қабристонида эса улуғ аждодларимиз хотирасига эҳтиром сифатида даҳма барпо қилинди.
– Мажмуа қурилишида корхонамиз ишчи-ходимлари билан бирга Хитой, Туркия, Эрон қурилиш компаниялари мутахассислари, маҳоратли усталар ҳам иштирок этмоқда, – дейди бош пудратчи – “Samtexnostroyinvest” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Наврўз Сафаров. – Шу пайтгача ҳудуддаги барча объектларнинг асоси қурилиб, ҳозирда безак бериш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Иккита мақбара, масжид ва музей гумбазлари эронлик усталар томонидан безатилди. Ҳозирда бу иншоотларнинг ички қисмлари хориждан келтирилган ноёб тошлар билан пардозланмоқда. Зиёратгоҳ ҳудудида ўзига хос ландшафт дизайни асосида яшил майсазорлар, йўлаклар барпо этилмоқда. Маҳаллий навлар билан бирга хориждан юртимиз иқлим шароити ва табиий муҳитига мос ноёб дарахт ва бута кўчатлари келтириб, ўтқазилди. Ҳудудда тарихий манбаларда қайд этилган қадимий ҳовуз гилмоя асосида қайта тикланди.
Мажмуа олдидан Панжикент кўчасига чиқадиган янги йўл очилиб, атрофида ҳунармандлар маркази, меҳмонхоналар қурилмоқда. Шунингдек, қадимий Бухоро кўчаси реконструкция қилиниб, пиёда юришга мўлжалланмоқда ва бунинг натижасида Регистон майдони, Имом Мотуридий мажмуаси ҳамда Шоҳи Зинда ёдгорлиги битта сайёҳлик йўналиши бўлади.
Имом Мотуридий мажмуасидаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларини Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигигача якунига етказиш режалаштирилган.
Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳи – тасаввуф мактабининг абадий маскани
Оқдарё туманининг Даҳбед қишлоғида жойлашган Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳи ҳам кейинги йилларда кенг кўламли қайта қурилиш ишлари марказига айланди. Бу ерда нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси, тасаввуф илмининг забардаст алломаси Саййид Аҳмад Хожа Косоний Даҳбедий мангу қўним топган.
Асли ҳозирги Косонсой туманида 1461 йилда туғилган сўфий олим нақшбандия таълимотининг раҳнамоларидан бири бўлган. Ёшлик чоғида Фарғонадаги мадрасада савод чиқариб, Самарқандда Хожа Аҳрор Валийнинг шогирди мавлоно Муҳаммад Қозий қўлида пирлик даражасига етишган. Кейинчалик ўзи тариқат илмига доир 30 зиёд асар ёзган, кўплаб шогирдлар тарбиялаган. Ўша давр диний уламолари томонидан “Маҳдуми Аъзам” унвонига лойиқ кўрилган. Илм ва дин йўлидаги узоқ сафардан сўнг, 1528 йилда Самарқанд вилоятининг Даҳбед қўрғонига келиб яшаган ва 1542 йилда шу ерда вафот этган.

Зиёратгоҳда аллома билан бирга унинг яқинлари, кўплаб шогирдлари ва бу зотни ўзига пир деб билган ўз даврининг ҳукмдорлари, ҳокимлар дафн этилган. Самарқанд ҳокими бўлган Баҳодир Ялангтўш томонидан XVII аср бошларида бу ерда масжид, хонақоҳ, мадраса қурилган. Мадраса кейинчалик, турли босқинчилик юришларида вайрон этилган бўлса-да, қадимий масжид сақланиб қолган.
– Президентимизнинг алоҳида эътиборлари туфайли ўтган йил ушбу зиёратгоҳда кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилди, – дейди Маҳдуми Аъзам жоме масжиди имом-хатиби Олимхон Юсупов. – Давлатимиз раҳбарининг ўзлари бу лойиҳа ва қурилиш жараёнлари билан бевосита танишиб борди. Натижада ҳудуд бироз кенгайиб, 5 гектарлик зиёратгоҳ ва унинг атрофи обод манзилга айланди. Эски масжид таъмирланиб, унинг ёнидан 920 кишилик қўшимча бино айвонлари билан қурилди ва масжиднинг яшовчанлиги ошди. Маҳдуми Аъзам ҳазратлари ва у кишининг яқинлари дафн этилган ҳудудда айвон қурилиб, зиёратчилар учун қулай шароит яратилди. Зиёратгоҳ кириш қисмида иккита дарвоза барпо этилди. Юртимиздаги муқаддас қадамжолар орасида биринчи марта шу ерда уч қаватли автотураргоҳ қурилди, иккита таҳоратхона, 30 га яқин хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилди. Шунингдек, ҳудуддаги беш асрлик чинорларни асраб-авайлаш чоралари кўрилмоқда. Чунки, бу дарахтлар ҳам зиёратгоҳ тарихи ва қиёфасининг ажралмас бир қисми ҳисобланади. Реконструкция ишларидан сўнг қадамжо бир вақтнинг ўзида 35 минг нафар зиёратчини қабул қилиш имкониятига эга бўлди.
Самарқанд зиёрат туризми марказига айланади
Самарқанддаги муқаддас қадамжоларда амалга оширилаётган ишлар фақат янги бинолар қуриш ёки мавжудларини таъмирлаш, реставрация қилиш билан чекланмайди. Бу тарихни асраш, миллат хотирасини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбига эзгулик уруғини экишдек юксак мақсадларга хизмат қилаётган маънавий ҳаракатдир.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳлари ягона зиёрат йўналишига бирлаштирилиб, Самарқандни жаҳон зиёрат туризмининг энг йирик марказларидан бирига айлантиришга хизмат қилади.

– Бугун Самарқанд заминида қад ростлаётган ҳар бир гумбаз, ҳар бир масжид ва музей шунчаки меъморий иншоот эмас. Улар халқимизнинг ўз тарихи, эътиқоди ва буюк аждодларига бўлган юксак эҳтиромининг ифодасидир, – дейди “Маҳдуми Аъзам Даҳбедий” илмий-тадқиқот фонди раиси, тарихчи ва манбашунос олим Комилхон Каттаев. – Аввало, ўзимиз буюк аждодларимиз хотирасига муносиб эҳтиром кўрсатиб, уларнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганишга интилсаккина, бошқалардан ҳам шундай муносабатни кутишга ҳақли бўламиз. Бугун муҳтарам Президентимиз ташаббуси ва юксак эътибори билан юртимизда, айниқса, Самарқандда улуғ алломаларимиз номи билан боғлиқ қадамжолар обод этилаётгани, уларнинг илмий-маънавий мероси изчил ўрганилаётгани ана шу эзгу мақсад йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ифодасидир. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар эса бугуннинг ўзидаёқ ўз самарасини бераётганини кўриш мумкин.
Самарқанднинг ҳар бир қарич ери муқаддас, бу заминда улуғ алломалар, буюк жаҳонгирлар, олиму фузалолар излари бор. Бир неча минг йиллик тарихга эга бу юртга келаётган ҳар бир юртдошимиз, хорижлик меҳмон тарих билан юзма-юз келади, буюк алломалар қолдирган маърифат зиёсидан баҳраманд бўлади. Улардан мерос тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар эса инсон қалбига руҳий қувват бериб, эзгуликка чорлайди, комиллик сари етаклайди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари