Евроосиё тараққиёт банки Хорижий инвесторлар кенгаши таркибига кирди
Хорижий инвесторлар кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳат органи бўлиб, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ва мамлакатимизнинг инвестициявий муҳитини яхшилаш мақсадида ташкил этилган.
Кенгаш таркибига Европа тикланиш ва тараққиёт банки, IFC каби етакчи халқаро молия институтлари ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган йирик хорижий компаниялар киради.
Евроосиё тараққиёт банки бошқарув раиси Николай Подгузовнинг қайд этишича, банкнинг Кенгашга қўшилиши унинг Марказий Осиё иқтисодий ривожланишидаги ўрнининг эътирофидир.
– Халқаро бизнес ҳамжамиятининг юртингизга нисбатан қизиқиши ортиб бораётганини гувоҳи бўляпмиз. Шу боис, инвесторлар ва давлат ўртасидаги мулоқотда фаол иштирок этиб, Ўзбекистоннинг инвестицияларни жалб қилиш салоҳиятини оширишга, бу борада ўз тажрибамиз билан бўлишишга тайёрмиз, – деди Н.Подгузов.
Маълумот учун, Евроосиё тараққиёт банки 20 йилдан буён иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, аъзо мамлакатларни ҳар томонлама ривожлантиришга кўмаклашиб келмоқда. 2025 йил декабрь ойи ҳолатига кўра, банк портфели умумий миқдори 19,6 миллиард долларлик 326 та лойиҳани ўз ичига олади. Лойиҳаларнинг асосий қисми транспорт инфратузилмаси, рақамли тизимлар, яшил энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат ва машинасозлик соҳаларида амалга оширилмоқда. Банк ўз фаолиятида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва ESG тамойилларига таянади.
Бугунги кунда банк 2022-2026 йилларга мўлжалланган стратегия доирасида сув-энергетика, транспорт ва товар етказиб бериш соҳаларида 3 та йирик лойиҳани амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкига 2025 йилда қўшилиб, ушбу молиявий тузилмага аъзо бўлган еттинчи давлат бўлди.
Азиза Алимова, ЎзА