Етакчи ёшлар эътироф этилди
Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов вилоятдаги фаол ва ташаббускор ёшлар билан учрашди.
Самимий мулоқотда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббус ва ғояларини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр алмашилди.
– Вилоятимиз ҳокими Жўрабек Раҳимов билан бўлиб ўтган бугунги учрашув биз, ёшлар учун жуда катта рағбат манбаи бўлди, - дейди ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Бобур Олимов. - Мулоқот шунчаки расмий шаклда эмас, балки жуда самимий ва очиқ руҳда ўтганидан хурсандмиз. Вилоят раҳбари томонидан билдирилган ҳар бир фикр, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий таклифлар бизда ўз кучимизга бўлган ишончни янада оширди.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан ўзининг юксак иқтидори, ўқиш ва меҳнатдаги алоҳида ютуқлари, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган ёшларга вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Учрашувдан сўнг Урганч шаҳрида янги бунёд этилган “Лазги” музейи ҳамда Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Урганч филиалига саёҳат ташкил этилди. Ёшлар ушбу масканларнинг фаолияти, яратилган шароитлар ва ёшларга тақдим этилаётган имкониятлар билан яқиндан танишдилар.

Саёҳат давомида миллий санъатимизнинг бетакрор намунаси бўлган “Лазги” тарихи ва унинг бой мероси, шунингдек, хореография соҳасида таълим олаётган ёшлар учун яратилган замонавий имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири