Эшкак эшувчиларимиз Осиё чемпионатида тенгсиз
Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича U18 ва U23 ёш тоифалари ўртасидаги Осиё чемпионати якунланди. Қитъа биринчилигида Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Мусобақа натижалари мамлакатимизда эшкак эшиш спорт турларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бераётганини яна бир бор тасдиқлади U18 ҳамда U23 ёш тоифаларида ўзбекистонлик спортчилар юқори натижаларни қайд этиб, Осиёдаги етакчилик мақомини мустаҳкамлади.

Хусусан, U23 ёш тоифасида юртдошларимиз 8 та олтин, 8 та кумуш ва 6 та бронза медалини қўлга киритиб, жами 22 маротаба шоҳсупага кўтарилди. U18 ёш тоифасида эса натижалар янада таъсирли бўлиб, спортчиларимиз 14 та олтин, 6 та кумуш ва 2 та бронза медалига сазовор бўлди.

Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси чемпионатни 22 та олтин, 14 та кумуш ва 8 та бронза, жами 44 та медаль билан якунлади. Айниқса, олтин медаллар сони бўйича яққол устунлик мамлакатимиз вакилларининг тайёргарлик даражаси юқори эканини кўрсатди.
Эътиборли жиҳати, чемпионатда муваффақият қозонган спортчиларнинг асосий қисми ҳали ўсмирлар ва ёшлар тоифасидаги атлетлар ҳисобланади. Бу эса келгусида катталар ўртасидаги нуфузли халқаро мусобақаларда ҳам Ўзбекистон эшкак эшиш мактаби вакилларидан юқори натижалар кутиш учун мустаҳкам замин яратади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА