Эртанги кун эгаларига муносиб туҳфа
Гулистон шаҳрининг Улуғ йўл маҳалласида жойлашган 20-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. 330 нафар тарбияланувчига мўлжалланган муассасанинг қайта қурилиши учун 5,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, болалар учун замонавий ва хавфсиз таълим муҳити яратилди.
1987 йилда барпо этилган мазкур муассаса давлатимиз раҳбарининг Сирдарё вилояти инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган қарорлари доирасида капитал реконструкция қилинди. Қурилиш ишлари давомида бинонинг ички ва ташқи қисми тўлиқ янгиланиб, гуруҳ хоналари, ётоқхоналар, ошхона, тиббиёт хонаси, мусиқа ва жисмоний тарбия заллари ҳамда маъмурий хоналар замонавий талаблар асосида таъмирланди.

Шунингдек, муассаса янги мебеллар, ўқув-дидактик воситалар ва зарур жиҳозлар билан таъминланди. Ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши ва жисмоний ривожланиши учун замонавий ўйин майдончалари барпо этилди.

Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотида болажонларни сифатли таълим ва тарбия билан қамраб олиш, уларнинг интеллектуал, маънавий ва жисмоний ривожланиши ҳамда мактаб таълимига пухта тайёрланиши учун барча зарур шароитлар яратилган. Замонавий таълим муҳити, хавфсизлик талабларига жавоб берадиган инфратузилма ва қулай шарт-шароитлар тарбияланувчиларнинг баркамол вояга етишида муҳим аҳамият касб этмоқда.


Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва болалар қамровини кенгайтириш мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Сирдарё вилоятида ҳам янги муассасалар барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш ва уларни замонавий жиҳозлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


20-сон давлат мактабгача таълим ташкилотининг янгиланиб фойдаланишга топширилиши ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг яна бир амалий ифодаси бўлиб, эртанги кун эгалари учун муносиб таълим-тарбия муҳитини яратиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири