Эрон ҳарбий босимни қанча вақт сақлаб қола олади?
ВВС нашри ВВСнинг Форс хизмати сиёсий ва халқаро муносабатлар шарҳловчиси Саид Жафарийнинг таҳлилий фикрларини эълон қилди. У Эрон ҳарбий босимни қанча вақт сақлаб қола олади, деган саволга ўзининг фикрларини билдирган. Саид Жафарийнинг фикрича Эроннинг АҚШ ва Исроилга қарши ҳарбий босимни қанча вақт давом эттира олишига аниқ муддат белгилаш қийин. Чунки бу фақат Эронда қанча ракета ёки дрон қолганига эмас, балки уларни қанчалик тез ишлаб чиқара олиши, ишлаб чиқариш инфратузилмасининг ҳолати, иқтисодий имкониятлари ва уруш тактикасини қандай ўзгартиришига ҳам боғлиқ.
2026 йилдаги урушнинг дастлабки босқичларида Эрон Яқин Шарқдаги энг катта баллистик ракета захираларидан бирига эга эди. Reuters маълумотларига кўра, уруш бошланишидан олдин Эрон захирасида турли масофага учувчи катта миқдордаги баллистик ракеталар бўлган. Шу сабабли, дастлабки кунларда Эрон бир вақтнинг ўзида кўп сонли ракета ва дронлар билан зарба бериш имкониятига эга бўлди. Бироқ узоқ вақт юқори суръатдаги ракета уруши Эрон учун жуда қимматга тушади. АҚШ ва Исроил зарбалари нафақат ракета учириш майдонларини, балки ракета ёқилғиси, бутловчи қисмлар ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш объектларини ҳам нишонга олган. Таҳлилларга кўра, бу Эроннинг ракета ишлаб чиқариш занжирига жиддий зарар етказган.
Шу билан бирга, Эроннинг имкониятлари бутунлай йўқ қилинган деб айтиш ҳам нотўғри. 2026 йил май ойидаги АҚШ разведка баҳоларига таянган таҳлилларда Эрон бир қаторерости ракета объектлари ва мобиль ракета қурилмаларининг катта қисмини қайта ишга туширгани айтилган. Шунинг учун Эроннинг стратегияси фақат «қанча ракета қолди?» деган савол билан ўлчанмайди. Агар у ракета ва дронларни тежаб ишлатса, дронлар, кибероперациялар, денгиз йўлларига босим ва минтақадаги ҳамкор кучлардан фойдаланишга кўпроқ таянса, ҳарбий босимни анча узоқ сақлаб қолиши мумкин.
Бундан ташқари, уруш Эроннинг рақиблари учун ҳам катта ресурс талаб қилмоқда. Масалан, 2026 йил август ойида Reuters агентлиги АҚШ ҳам узоқ масофали аниқ зарба берувчи ракеталар захираси жиддий камайгани ҳақида хабар берди. Бу узоқ давом этадиган урушда фақат Эрон эмас, балки АҚШ учун ҳам қурол-яроғ захиралари ва ишлаб чиқариш қуввати муҳим омилга айланаётганини кўрсатади.
Демак, шарҳловчининг фикрича масала «Эроннинг қачон қуроли тугайди?» деган саволдан кўра, «Эрон қурол ва иқтисодий ресурсларини қанчалик самарали бошқара олади ва рақиблари қанча вақт уруш харажатларини кўтара олади?» деган саволга кўпроқ боғлиқ. Бугунги ҳолатда ҳеч ким Эрон яна фалон ой уруш қила олади деб ишонч билан айта олмайди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tlzIouG-Ex0" title="Eron harbiy bosimni qancha vaqt saqlab qola oladi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА