Ер ости сувлари сатҳи пасайиб бормоқда
Глобал иқлим ўзгариши, сув ресурслари танқислиги ва ёғингарчилик ҳажмининг камайиши каби экологик муаммолар ер ости сувлари захираларига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, аҳоли сонининг ўсиши ва иқтисодиёт тармоқларида сувга бўлган эҳтиёжнинг ортиши мазкур масаланинг долзарблигини янада кучайтирмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси йиғилишида ер ости сувларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати Самарқанд ва Навоий вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида кўриб чиқилди.

Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда ер ости сувлари сатҳи сўнгги йилларда сезиларли равишда пасайиб бормоқда. Бу эса сувдан, айниқса, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланишда тежамкорлик ва самарадорлик масаласини кун тартибига чиқармоқда.
Сўнгги йилларда юртимизда соҳани тартибга солишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Улар асосида ер ости сувларидан фойдаланишни чеклаш, ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш бўйича аниқ механизмлар жорий этилди. Жумладан, сув сатҳи пасайган ҳудудларда янги қудуқлар қазишга мораторий эълон қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, сув ҳисоблаш воситаларини ўрнатиш ва бурғилаш ускуналарини рақамлаштириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, республика бўйича мавжуд қудуқлардан фойдаланиш учун рухсатномаларни расмийлаштириш, уларга сув ҳисоблагичлар ўрнатиш ҳамда уларни ягона ахборот тизимига улаш ишларини жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, ноқонуний бурғилаш ҳолатлари ва қўлбола ускуналардан фойдаланишнинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўриш лозимлиги таъкидланди. Бу ер ости сувларини асраб қолишда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳокамалар давомида ер ости сувларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини кучайтириш, барча қудуқларни тўлиқ рўйхатга олиш, “бир қудуқ — бир ID” тамойилини жорий этиш ҳамда ягона электрон база яратиш ишларини изчил давом эттириш бўйича таклифлар билдирилди.
Муҳтарама КОМИЛОВА,
ЎзА