Энергетикада интизом — барқарор таъминот кафолати
Жиззах вилоятида аҳоли ва тадбиркорларни электр энергияси ҳамда табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш, энергетика тармоқларида тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш, ижро интизоми ва шахсий масъулиятни кучайтиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Вилоят ҳокими раҳбарлигида ўтказилган танқидий-таҳлилий йиғилишда Президент раҳбарлигидаги видеоселектор йиғилишида белгиланган топшириқлар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлил қилиниб, қуйи бўғинларда сақланиб қолаётган муаммолар ва уларнинг сабабларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакат энергетика тизимини модернизация қилишга 23 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, умумий қуввати 9,5 гигаватт бўлган янги электр станциялари ишга туширилди. Бу ички эҳтиёжни тўлиқ таъминлаш имконини берувчи янги генерация қувватларини шакллантирди. Шу билан бирга, соҳадаги асосий муаммо молиявий ресурслар эмас, балки жойларда бошқарув самарадорлиги ва ижро интизоми етарли даражада таъминланмаётганида экани қайд этилди.
Йиғилишда электр тармоқларини янгилаш ишларининг бориши танқидий баҳоланди. Жорий йилда электр узатиш тармоқлари, подстанциялар ва трансформаторларни модернизация қилиш учун 165 миллиард сўм маблағ ажратилган. Мазкур дастур доирасида 146 та маҳаллада 600 километр электр тармоғини қуриш, 11,2 мингта темир-бетон таянч ўрнатиш, 135 та трансформатор пункти ва 4 та подстанция барпо этиш режалаштирилган.

Бироқ амалга оширилаётган ишлар мавжуд эҳтиёжга тўлиқ жавоб бераётгани йўқ. Жорий йил бошидан буён вилоятда 347 та авариявий электр узилиши қайд этилган бўлиб, уларнинг аксарияти Шароф Рашидов, Фориш, Ғаллаорол туманлари ҳамда Жиззах шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Мутахассислар бу ҳолатни эскирган инфратузилма, тармоқларни ўз вақтида янгиламаслик ва ишларни самарали ташкил этмаслик билан изоҳлади.
Электр энергияси истеъмоли йил сайин ортиб бораётгани ҳам алоҳида таҳлил қилинди. Сўнгги беш йилда Жиззах шаҳри, Мирзачўл ва Фориш туманларида истеъмол ҳажми қарийб 1,5–1,7 баробарга ошган. Бироқ бу ўзгаришлар инфратузилмани ривожлантириш режаларида тўлиқ ҳисобга олинмаган.
Техник йўқотишлар ҳам жиддий муаммолигича қолмоқда. Вилоят бўйича бу кўрсаткич 16,6 фоизни ташкил этиб, йилнинг дастлабки олти ойида 166 миллион киловатт-соат электр энергияси йўқотилган. Айрим ҳудудларда эса техник йўқотишлар 20 фоиздан ошиб кетган.

Мавжуд 5157 та трансформаторнинг қарийб учдан бири 40–50 йилдан буён эксплуатация қилинаётгани таъкидланиб, айнан шу омил авариялар кўпайиши ва энергия йўқотишларининг ортишига сабаб бўлаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан эскирган тармоқлар ва ускуналарни босқичма-босқич алмаштириш вазифаси белгиланди.
Рақамлаштириш ишларида ҳам камчиликлар сақланиб қолмоқда. Ҳозирги кунда 10,7 мингта электр ҳисоблагич автоматлаштирилган тизимга маълумот узатмаяпти, қарийб 3 мингта ҳисоблагич эса белгиланган техник талабларга жавоб бермайди. Шу боис тўлов интизомини мустаҳкамлаш ва рақамли назорат механизмларини кучайтириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Йиғилишда газ таъминоти тизимидаги ҳолат ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, 2024–2026 йилларда вилоятда газ тармоқлари ва газ тақсимлаш қурилмаларини янгилаш учун 85,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Бу ҳисобдан 300 километр газ тармоғи қурилиб ва реконструкция қилиниб, 430 та замонавий газ тақсимлаш пункти ишга туширилди.

Шу билан бирга, тизимдаги йўқотишлар ва ижро интизоми билан боғлиқ муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида 376,1 миллион куб метр табиий газ истеъмол қилиниб, унинг 20,9 миллион куб метри ёки 5,6 фоизи йўқотишларга тўғри келгани танқид қилинди.
Газ ҳисобини рақамлаштириш жараёни ҳам таҳлил қилинди. Вилоятда 183 минг 700 нафар истеъмолчи автоматлаштирилган ҳисоб тизимига уланган бўлса-да, 1 427 нафар абонент ҳали мазкур тизимга тўлиқ интеграция қилинмаган. Қолаверса, қарийб 9 мингта газ ҳисоблагич бир ойдан зиёд вақт давомида алоқага чиқмаган.
Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашдаги кечикишлар ҳам кескин танқид қилинди. Айрим ҳудудларда газ баллонлари 50–60 кунда, баъзи маҳаллаларда эса икки ойдан ортиқ муддатда етказиб берилаётгани қайд этилди. Бу муаммо, айниқса, Зомин, Бахмал, Фориш ва Арнасой туманларида долзарблигича қолмоқда.
Муаммоларни бартараф этиш мақсадида вилоят ва туманлар даражасида махсус штаблар тузиш, масъул раҳбарларни ҳудудларга бириктириш, аҳоли хонадонлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда давлат муассасаларида хатлов ва доимий мониторинг ишларини ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Йиғилишда ҳар бир маҳаллада электр, газ ва сантехника хизматларини мувофиқлаштирувчи “маҳалла энергетиги” институтини жорий этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди. Мазкур тизим аҳоли мурожаатларини жойида ҳал этиш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, тармоқларда рақамли бошқарувни кенгайтириш, йирик саноат корхоналарида энергоаудит ишларини жадаллаштириш, ходимлар фаолиятини Face ID ва KPI асосида баҳолаш ҳамда барча жараёнларни онлайн назорат қилиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Йиғилиш якунида мутасаддиларга электр ва газ таъминотидаги мавжуд муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш, авариялар ва техник йўқотишларни кескин камайтириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш юзасидан қатъий топшириқлар берилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири