Гидроэнергетика тармоғида устувор вазифалар ижроси кучайтирилмоқда
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган ёқилғи-энергетика соҳаси бўйича видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Жамият бошқаруви раиси ўринбосари Фаррух Нуруллаев раислигида ўтказилган тадбирда Президент томонидан белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан соҳада бошқарув самарадорлигини ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, электр энергияси ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш ҳамда 2026/2027 йиллар куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш бўйича устувор вазифалар кўриб чиқилди.
Муҳокамалар давомида гидроэлектр станцияларининг ишончли ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, режали таъмирлаш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш, сув омборлари ва гидротехника иншоотларини хавфсиз эксплуатация қилиш, ишлаб чиқариш жараёнларида рақамли ечимларни кенг жорий этиш, шунингдек, ҳар бир корхонада ижро интизоми ва шахсий масъулиятни кучайтириш асосий йўналишлар сифатида белгиланди.
Жорий куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида жамият тизимида “Фавқулодда ойлик” эълон қилинди. Шу билан бирга, бошқарув раиси раҳбарлигида техник ишчи гуруҳи фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур гуруҳ гидроэлектр станцияларининг техник ҳолатини баҳолаш, гидроагрегатлар, гидромеханик ва электр жиҳозлари, реле ҳимояси ҳамда автоматика тизимларини текшириш, профилактика ва таъмирлаш ишларини мувофиқлаштириш билан шуғулланади.

Белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатилиб, аниқланган камчиликларни тезкор бартараф этиш ва вазифалар ижросини мунтазам мониторинг қилиб бориш белгиланди.
Йиғилишда соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, жамият ҳамкор олий таълим муассасалари билан дуал таълим асосида ҳамкорликни кенгайтириб, талабаларнинг назарий билимларини ишлаб чиқариш амалиёти билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги кунда талаба-ёшлар қурилиш майдонлари ва ишлаб чиқариш объектларида амалий тажриба орттирмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб нишонлаш юзасидан ташкилий ишчи гуруҳи ташкил этилди. Унинг зиммасига жамият объектларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ҳудудларни байрамона безатиш, тарғибот материалларини жойлаштириш ҳамда маънавий-маърифий тадбирларни юқори савияда ўтказиш вазифалари юклатилди.

Йиғилиш якунида устувор вазифалар ижросини таъминлаш, ГЭСларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ва Мустақиллик байрамига пухта ҳозирлик кўриш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА