Туризмни жадал ривожлантириш орқали унинг иқтисодиётдаги ўрни оширилади
Олий Мужлис Сенати кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда туризм соҳасини жадал ривожлантириш орқали унинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш борасида белгиланган вазифалар ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб борган мажлисда туризм соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, виза тартиботлари соддалаштирилгани қайд этилди.
Визасиз режимни кенгайтириш, миллий туризм брендини халқаро майдонда тарғиб этиш, ички туризмни ривожлантириш, янги сайёҳлик йўналишларини яратиш ва хизматлар сифатини оширишга эътибор қаратилмоқда.
Туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилотлар сони қарийб 6 баробарга ошиб, 4,4 мингга етди. 6 мингга яқин жойлаштириш воситалари фаолияти йўлга қўйилган, улардаги ўринлар сони эса 185,6 мингни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 5 баробарга кўпайган. 4,5 мингга яқин гид-экскурсоводлар тайёрланган.

2025 йилда қарийб 200 давлатдан 11,7 миллион чет эл фуқаролари туристик мақсадларда Ўзбекистонга келган. Туристлар сони 2024 йилга нисбатан 16,1 фоизга ошган. 2025 йилда туризм хизматлари экспорти 142 фоизга ўсиб, 4,8 миллиард долларга етган. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” ички туризмни ривожлантириш дастури 23,7 миллион нафар фуқарони қамраб олди.
Муҳокама давомида юқори ўсиш суръатларига қарамасдан, соҳанинг иқтисодиётдаги улушини ошириш ҳамда ҳудудлар кесимида барқарор ва мувозанатли ривожланишни таъминлаш билан боғлиқ камчиликлар сақланиб қолаётгани қайд этилди.

Хусусан, тиббий ва соғломлаштириш туризми имкониятлари тўлиқ ишга солинмаган. Кейинги йилларда хусусий клиникалар сони бир неча баробарга ошган бўлишига қарамай, ўтган йилда даволаниш мақсадида ташриф буюрган хорижий туристлар сони 2024 йилга нисбатан камайган.
Туристларга кўрсатилаётган хизматлар сифати, сервис маданияти ва кадрлар тайёрлаш тизимидаги муаммоларга ҳам эътибор қаратилди.
Сенаторлар соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш, туризмни иқтисодиётнинг драйвер тармоқларидан бирига айлантириш бўйича аниқ ва манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги устидан қатъий депутатлик назоратини амалга ошириш, масъул раҳбарларнинг ҳисоботларини мунтазам эшитиш ва тегишли чоралар кўриш юзасидан тавсиялар берилди.
Муҳокама якунида Сенат кенгашининг қарори қабул қилинди. Унга асосан мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини устувор хорижий бозорларда фаол тарғиб қилиш, туризмнинг янги йўналишлари белгиланди. Жумладан, ҳуқуқий асослар такомиллаштирилади, транспорт, ҳунармандчилик, туроператорлар фаолияти ҳамда солиқ маъмуриятчилигидаги мавжуд муаммолар бартараф этилади, рақамли хизматлар кенг жорий қилинади.
Н.Абдураимова, ЎзА