Энергетика вазирлиги: ҳар бир мурожаат бўйича амалий чоралар кўрилмоқда
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятида учраётган муаммоларни ўрганиш ҳамда амалий ечимлар ишлаб чиқиш мақсадида Энергетика вазирлиги ташаббуси билан навбатдаги очиқ мулоқот ташкил этилди.
Андижон вилоятида ўтказилган мазкур учрашувда Энергетика вазирлиги, “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Андижон ҳудудий филиали ҳамда Магистрал электр тармоқлари масъуллари иштирок этди. Тадбир давомида соҳадаги мавжуд масалалар юзасидан тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилиб, уларни қийнаётган муаммолар муҳокама қилинди.
Хусусан, мулоқот қатнашчилари электр энергияси ва табиий газ таъминоти, муҳандислик коммуникацияларига уланиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келаётган масалалар бўйича мурожаат ва таклифларини билдирди.
Учрашувда сўзга чиққан Энергетика вазирлигининг Экологик дипломатия ва яшил иқтисодиёт лойиҳалари бўлими бошлиғи Беҳруз Мирзаев тадбиркорлар билан очиқ ва доимий мулоқотни таъминлаш соҳани ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири эканини таъкидлади.
– Ҳар бир мурожаат диққат билан ўрганилиши ва амалда ҳал этилиши зарур. Зеро, тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Энергия ресурслари билан боғлиқ масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилиши ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва қўшимча иш ўринларини яратиш имконини беради. Шу боис, ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилиб, унинг ечими бўйича тегишли чоралар кўрилади. Биз тадбиркорлар билан доимий мулоқотни давом эттириб, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, – деди у.
Мулоқот якунида кўтарилган қатор масалалар юзасидан мутахассислар томонидан тегишли тушунтиришлар берилди. Қўшимча ўрганишни талаб қилувчи мурожаатлар эса белгиланган тартибда назоратга олиниб, уларни ҳал этиш бўйича масъул ташкилотларга аниқ вазифалар юклатилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА