Энергетика вазирлиги 25 та йирик тармоқ бўйича рейтинг натижаларини эълон қилди
Иқтисодиёт тармоқларида энергия ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш, энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг энергия самарадорлигини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда мамлакатимизда энергия истеъмоли кўрсаткичларини баҳолаш ва мониторинг қилиш тизими босқичма-босқич такомиллаштириб борилмоқда.
Президентнинг 2024 йил 14 июндаги “Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб ташкилотлар, ҳудудлар ва кўчмас мулк объектлари кесимида энергия истеъмоли рейтинги жорий этилди.

Мазкур қарор ижроси доирасида Энергетика вазирлиги томонидан ҳар йили 1 июнга қадар энергия сиғими энг юқори ва энг паст кўрсаткичларга эга бўлган корхоналар рейтинги шакллантириб келинмоқда. Унга кўра, мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқларида энергия сиғими кўрсаткичлари таҳлил қилиниб, энг юқори ва энг паст натижалар қайд этилган корхона ва ташкилотлар рўйхати аниқланади.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан белгиланган 25 та йирик тармоқ корхонаси кесимида 2025 йил учун энергия сиғими кўрсаткичлари баҳоланди. Таҳлиллар натижасида 2024 йилга нисбатан энергия сиғими энг юқори бўлган 10 та ҳамда энг паст бўлган 10 та ташкилот аниқланди.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, “Аммофос-Махам” АЖ энергия сиғими кўрсаткичлари юқори бўлган корхоналар қаторига кирган бўлса, энергия сиғими энг паст бўлган рейтингда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ етакчи ўринлардан бирини эгаллаган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА