Энергетика тизимида хавфсизлик ва қонунийлик устувор
Энергетика тизими мамлакатимиз иқтисодиёти ва аҳоли ҳаёти барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис энергия ресурсларидан тежамкор ва оқилона фойдаланиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик билан бир қаторда, тармоқ объектларида хавфсизлик меъёрларига қатъий риоя этиш ҳам асосий талаблардан биридир.
Мазкур вазифаларнинг амалдаги ижроси “Ўзэнергоинспекция” томонидан ҳудудларда мунтазам ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида ўрганилмоқда. Бунда, аввало, хавфсизлик талабларига риоя этилиши ҳамда энергия ресурсларидан қонуний фойдаланилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Инспекция ахборот хизматига кўра, Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманидаги 237-сонли трансформатор пунктида таъмирлаш ишларини олиб бораётган бригада томонидан иш жойи белгиланган тартибда тайёрланмаган ҳолда хавфсизлик техникаси қоидалари бузилаётгани аниқланди. Инсон ҳаёти ва саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўлган мазкур ҳолат юзасидан бригада иш жойидан четлаштирилди.
Наманган шаҳридаги 546-сонли трансформатор пунктида ҳам хавфсизлик талабларига риоя этилмагани маълум бўлди. Хусусан, таъмирлаш ишларини бажараётган ходимлар белгиланган ҳимоя воситаларисиз ишлаётгани аниқланиб, улар ҳам иш жойидан четлаштирилди.
Назорат тадбирлари нафақат энергетика объектларидаги хавфсизлик ҳолатини, балки энергия ресурсларидан қонуний фойдаланиш масалаларини ҳам қамраб оляпти. Масалан, Андижон вилоятининг Жалолқудуқ туманида ўтказилган шундай ўрганишларда фуқаро Х. Н.га қарашли новвойхона тегишли ташкилотлардан рухсат олмасдан, ўзбошимчалик билан тармоққа уланган ҳолда табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди. Мазкур қоидабузарлик оқибатида газ таъминоти корхонасига 429 миллион сўмлик зарар етказилган.
Шу каби қоидабузарликлар Жиззах вилоятининг Ш. Рашидов туманида ҳам аниқланди. Бу ерда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ бир нечта ҳолатга чек қўйилди. Хусусан, “О. Э. Ч.” МЧЖга қарашли сув насослари ўзбошимчалик билан электр тармоғига улангани ва 338 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, шу ҳудудда “М. П. Г.” фермер хўжалигига қарашли сув насосларида ҳам белгиланган тартибни бузиш ҳолати қайд этилди. Ушбу қоидабузарлик натижасида таъминот корхонасига 124,5 миллион сўмлик зарар етказилган.
Назорат давомида “Д. Д.” фермер хўжалигига қарашли нотурар бинода ҳам электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур ҳолат натижасида етказилган зарар миқдори 378,6 миллион сўмни ташкил қилди.
Аниқланган қоидабузарликлар юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Бу борада назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА