Элизабет Турк: Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг бой тарихи ва замонавий тараққиётини намоён этади
БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси Иқтисодий ҳамкорлик ва савдо бўйича директори Элизабет Турк V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Марказ фаолияти билан танишган халқаро эксперт юртимизнинг бой тарихи, маданияти ва илмий мероси унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
– Мен Австрияданман ва биз ўз тарихимиз, мусиқамиз, маданиятимиз ҳамда буюк ижодкорларимиз билан фахрланамиз, -деди у ЎзА мухбирига берган интервюсида. Бироқ бу ерда шунчалик бой маданият, қадимий ёзма манбалар, ноёб мусиқа асбоблари ва тарихий мерос намуналарини кўриш мен учун алоҳида тажриба бўлди. Марказда намойиш этилган экспозициялар Ўзбекистоннинг нақадар бой цивилизацион меросга эга эканини яққол кўрсатади.
Унинг қайд этишича, экспозицияларда нафақат маданий ва маърифий мерос, балки ўлкамизнинг иқтисодий тараққиёти тарихи ҳам ўз аксини топган.
– Мен бу ерда минтақа қишлоқ хўжалиги, минерал ресурслар ва қадимги иқтисодий ҳаёт ҳақида ҳам кўп маълумот олдим. Айниқса, сувни узоқ масофаларга етказиш ва суғориш тизимларини ташкил этиш бўйича яратилган ечимлар ўша давр учун улкан ихтиро бўлганини кўриш қизиқ бўлди. Биз Европада Буюк Ипак йўли тарихи ҳақида кўп эшитганмиз. Бугун эса ўша буюк тарихнинг манбалари билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлдим, – дейди БМТ вакили.
Суҳбат давомида меҳмондан Ислом цивилизацияси марказининг яқинда Гиннесснинг рекордлар китобига киритилгани ҳақидаги фикри ҳам сўралди.
– Бу ҳақда айнан шу ерда билдим. Аввало, бу билан табриклайман. Ростини айтсам, бундан ҳайратланмадим. Чунки бу ҳақиқатан ҳам бетакрор марказ. Энг муҳими, бу ерда исломгача бўлган давр тарихи ҳам, ислом цивилизацияси тарихи ҳам замонавий технологиялар билан уйғунлаштирилган ҳолда тақдим этилган. Рақамли инсталляциялар, интерактив ечимлар ва виртуал технологиялар ташриф буюрувчига тарихни нафақат кўриш, балки ҳис қилиш имконини ҳам беради, – деди халқаро эксперт.
Унинг таъкидлашича, марказдаги мультимедиа ва виртуал воқелик технологиялари тарихий меросни кенг жамоатчиликка етказишнинг энг самарали усулларидан бири ҳисобланади.
– Бу ерда инсон ўзини тарих ичида ҳис қилади. Қадимги алломалар ва мутафаккирлар дунёсига гўёки саёҳат қилади. Бу нафақат музей, балки тарих, илм-фан ва маърифатни замонавий тилда сўзлатувчи ноёб майдондир. Ўзбекистон ўзининг тарихий мероси ва донишмандлик анъаналарини жаҳон ҳамжамиятига намойиш этиш учун жуда таъсирчан платформани яратган, – деди Элизабет Турк.
БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси вакили ташриф якунида Ўзбекистонга яна қайтиш нияти борлигини билдириб, мамлакатнинг маданий мероси ва меҳмондўстлиги унда унутилмас таассурот қолдирганини таъкидлади.
Дилшод Ҳакимов,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА