"Электрон рецепт" тизими кутилган натижани беряптими?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган брифингда давлат соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, дори воситалари муомаласида шаффофликни таъминлаш ва аҳолига қулай хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот бериб ўтилди. Шу йўналишдаги муҳим янгиликлардан бири, “Электрон рецепт” тизимининг жорий этилишидир.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази мутахассиси Дилноза Камолованинг сўзларига кўра, “Электрон рецепт” тизимини жорий этиш, дорихоналарда мазкур тизимга босқичма-босқич уланиш ҳамда унинг самарали фаолият юритишини таъминлаш борасида қатор ташкилий ва амалий ишлар олиб борилмоқда.
– Тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ, 2026 йил якунига қадар республика бўйича 9 минг 525 та дорихонани “Электрон рецепт” тизимига улаш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар 9 минг 439 та дорихона тизимга уланди ва белгиланган режанинг 99,1 фоизи бажарилди. Шу билан бирга, республикада дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи жами 14 минг 149 та дорихона мавжуд бўлиб, шундан 13 минг 899 таси ёки 98,2 фоизи тизимга уланган ҳамда амалда фаолият юритиб келмоқда.
Хусусан, сентябрь ойида режалаштирилган 8 минг 49 та дорихонанинг барчаси 100 фоиз тизимга уланди. Шунингдек, тизимдан фойдаланишни ўргатиш мақсадида республика бўйича 58 та ўқув семинари ташкил этилиб, уларда 4 минг 460 нафар тадбиркорлик субъекти вакиллари қамраб олинди, – деди Д.Камолова.
Шунингдек, тизим талабларига риоя этилиши устидан назорат ҳам кучайтирилиб, рецепт билан берилиши лозим бўлган дори воситаларини ноқонуний реализация қилиш ҳолатлари юзасидан 323 та маъмурий чора қўлланилди. Жумладан, 2026 йил бошидан ҳозирга қадар Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Туман тиббиёт бирлашмаларидан келиб тушган тақдимномалар асосида рецепт билан бериладиган дори воситаларини рецептсиз реализация қилиш ҳолатлари бўйича 294 та маъмурий баённома расмийлаштирилди.
– Мазкур йўналишдаги ишларни изчил давом эттириб, эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан, келгусида тизимнинг тўлиқ ва самарали ишлашини таъминлашга қаратилган бир қатор муҳим вазифалар белгилаб олинди, – деди Д.Камолова. – Хусусан, давлатимиз раҳбарининг қарорларида кўрсатилган рақамлаштириш вазифаларидан келиб чиқиб, олдимизда қуйидаги устувор йўналишлар турибди. Жумладан, режа-жадвалга мувофиқ йил якунига қадар қолган барча дорихоналарни ҳам тўлиқ “Электрон рецепт” тизимига улаш ва уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш долзарб вазифа. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа тегишли идораларнинг ахборот тизимлари ўртасидаги ўзаро интеграцияни янада такомиллаштириб, шифокорлар томонидан бериладиган электрон рецептларнинг дорихоналарда тезкор ва хатосиз қайта ишланишига эришиш масъулияти зиммамизга юклатилган. Аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда дори воситалари муомаласида қонунийликни таъминлаш мақсадида рецептсиз берилиши тақиқланган дори воситаларининг ноқонуний реализация қилинишининг олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш ҳар биримиз учун муҳим вазифа саналади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва дорихона ходимларининг рақамли кўникмаларини ошириш, фуқаролар ўртасида эса “Электрон рецепт” тизимининг афзалликлари юзасидан тарғибот ишларини кенгайтириш каби қатор амалий вазифаларни бажариш кўзда тутилган.
Умуман олганда, амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар аҳолининг барча қатламлари учун дори воситаларини харид қилиш жараёнини янада соддалаштириш, соҳада тўлиқ шаффофликни таъминлаш ҳамда инсон омилини кескин камайтиришга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, тиббий хизматлар сифатини янги босқичга кўтариш ва фуқароларимиз учун хавфсиз муҳит яратишда муҳим қадам бўлади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА