Электр тармоқлари куз-қиш мавсумига қай даражада тайёр?
Бугун Миллий матбуот марказида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Сардор Исақулов жамият томонидан истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш, тармоқлар ишончлилигини ошириш ва мавсумни барқарор ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда жамият тизимида қарийб 25 минг нафар ходим меҳнат қилмоқда. Корхона тасарруфида 271 минг 753 километр 0,4-110 киловольт кучланишли электр узатиш тармоқлари, 282 та подстанция ва 106 минг 140 та трансформатор пункти мавжуд. Жорий йилда 30 минг километр электр тармоғи ва 11 мингта трансформатор пункти мукаммал таъмирланди.
Фавқулодда ҳолатларни тезкор бартараф этиш учун 6 минг 561 нафардан ортиқ ходимдан иборат 1 минг 189 та туну кун навбатчилик асосида ишлайдиган авариявий бригада шакллантирилди. Улар зарур техника ва махсус автотранспорт воситалари билан таъминланган. Шунингдек, 1 минг 99 дона тармоқ трансформатори, 610 тонна трансформатор мойи, 431 километр кабель, 158 тонна сим, 7 минг 581 дона муфта, 7 минг 319 дона таянч ва 108 мингдан ортиқ бошқа электр техник материаллар захирага жамланди.

- Тақсимловчи электр тармоқларини модернизация қилиш доирасида 6 200 километр тармоқ ва 1 866 та трансформатор пункти янгиланмоқда. Жумладан, “Янги Ўзбекистон” массивлари, саноат зоналари, маҳаллалар инфратузилмаси, Тошкент шаҳри ва туманларни ривожлантириш лойиҳалари доирасида электр тармоқлари ва трансформатор пунктлари қурилиб, ўрнатиляпти.
Амалга оширилаётган ишлар натижасида 3,9 мингдан ортиқ маҳаллада 3,7 миллиондан зиёд аҳоли истеъмолчиларининг электр таъминотини яхшилаш имкони яратилмоқда, - деди Сардор Исақулов.
Анжуманда “Янгийўл тажрибаси” асосида йўлга қўйилган “маҳаллабай” ишлаш тизими ҳақида ҳам маълумот берилди. Унда 916 та маҳалла, 832 мингта хонадон, 49 мингта тадбиркорлик субъекти ва 2,2 мингдан ортиқ ижтимоий соҳа объекти қамраб олинди.

Ҳар бир маҳалла кесимида энергетик паспорт ва энергия ресурсларига бўлган талаб баланси шакллантирилди. Натижада 265 та маҳаллада 60 МВт электр қуввати етишмовчилиги, 207 та маҳаллада эса қувват захираси мавжудлиги аниқланди. Айни пайтга қадар ушбу йўналишда 1 минг 258 та трансформатор ва 2 минг 198 километр электр тармоғи таъмирланди.
“Маҳаллабай” ёндашув орқали мавжуд муаммоларни жойида аниқлаш, электр тармоқларини ўз вақтида таъмирлаш ва модернизация қилиш ҳамда энергияга бўлган талабни олдиндан прогноз қилиш имконияти кенгаймоқда.
Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг халқаро молия институтлари ва хорижий компаниялар билан ҳамкорлиги кенгайтирилмоқда. Franklin Templeton компанияси билан ҳамкорлик доирасида жамиятнинг молиявий барқарорлиги ва инвестицион жозибадорлигини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бунинг натижасида Fitch Ratings халқаро кредит рейтинг агентлиги томонидан жамиятнинг кредит рейтинги “BB-” даражасидан “BB” даражасига кўтарилди.
Шунингдек, ESG рейтинги жорий этилди ҳамда ISO 9001, ISO 14001, ISO 45001, ISO 50001 ва ISO 37001 халқаро стандартлари бўйича сертификатлар олинди.
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида инвестиция дастурининг 4 та лойиҳаси доирасида 82 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. Маблағлар тармоқларни модернизация қилиш, инфратузилмани янгилаш ва электр таъминоти ишончлилигини оширишга йўналтирилмоқда.
Сардор Исақуловнинг таъкидлашича, келгусида асосий эътибор истеъмолчиларнинг ўсиб бораётган эҳтиёжини қондириш, электр тармоқларининг барқарорлигини таъминлаш ва замонавий бошқарув ҳамда инвестиция механизмларини кенг жорий этишга қаратилади.
Тадбир якунида мутасаддилар журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА