Электр энергиясидан фойдалангач, ҳақини тўлашни ҳам унутмаслик лозим
Бугун электр энергияси ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Корхона ва ташкилотлар фаолияти, тадбиркорлик субъектларининг ишлаши, аҳоли турмуши, ишлаб чиқариш жараёнлари — барчаси барқарор энергия таъминоти билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис электр энергиясидан оқилона ва қонуний фойдаланиш нафақат шахсий масъулият, балки жамият ва давлат олдидаги муҳим бурч ҳамдир.
Президентимиз ташаббуси билан энергетика соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш самарадорлигини ошириш, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш, ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш ҳамда истеъмолчиларнинг масъулиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бироқ айрим ҳолатларда электр энергиясидан қонунга хилоф равишда фойдаланишга уринишлар учраётгани ачинарли.
Бухоро шаҳрида ўтказилган назорат тадбири давомида аниқланган ҳолат ҳам бу борадаги талабларга бепарволик қандай катта зарарга олиб келиши мумкинлигини яққол кўрсатди.
“Ўзэнергоинспекция” томонидан ўтказилган назорат тадбирида якка тартибдаги тадбиркор У.Ф.га қарашли нотурар бинода электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолати аниқланган. Яъни электр энергиясидан белгиланган тартиб ва қонун талабларига риоя этилмаган ҳолда фойдаланиб келинган. Энг ҳайратланарлиси, мазкур қоидабузарлик оқибатида электр таъминоти корхонасига 832 миллион сўм миқдорида зарар етказилгани маълум бўлди.
Бу зарар суммаси — шунчаки рақам эмас. Бу маблағ ортида энергия тизимининг барқарор ишлаши, тармоқларни таъмирлаш ва модернизация қилиш, янги қувватларни ишга тушириш, истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш билан боғлиқ улкан меҳнат ва ресурслар мужассам.
Электр энергиясини ноқонуний ўзлаштириш бир қарашда “шахсий манфаат”дек туюлиши мумкин. Аммо унинг зарари жамият учун умумийдир. Чунки бир субъектнинг қонунни четлаб ўтиши — ҳалол тўлов қилаётган бошқа истеъмолчилар манфаатига, энергетика тизими барқарорлигига ва иқтисодий интизомга салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган субъектлар учун қонунийлик ва масъулият масаласи янада муҳим. Тадбиркорлик — аввало, қонунга риоя қилиш, белгиланган тўловларни ўз вақтида амалга ошириш ва жамият олдидаги мажбуриятларни сидқидилдан бажариш демакдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан иқтисодиётда яширин айланмаларни қисқартириш, ресурслардан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик муҳитини соғломлаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Энергетика соҳасидаги назорат тадбирлари ҳам ана шу вазифаларнинг амалий ифодасидир.
Бундай ҳолатлар бир ҳақиқатни яна бир бор эслатади: электр энергияси — хоҳлаганча фойдаланиб, хоҳлаганча ҳақини тўламай қўядиган оддий ресурс эмас. У мамлакат иқтисодиётининг муҳим таянчларидан биридир.
Шунинг учун ҳар бир истеъмолчи, айниқса, тадбиркорлик субъекти энергия ресурсларидан фойдаланишда қонун талабларига қатъий амал қилиши зарур. Тежамкорлик ва ҳалоллик нафақат ортиқча харажатларнинг олдини олади, балки бутун энергетика тизимининг барқарорлигига хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири